Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

Олий қадриятлар асоси


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Хўжайли тумани Тиббиёт коллежида «Инсон ҳуқуқлари - энг олий қадрият» мавзусида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Адлия вазирлиги, туман Хотин-қизлар қўмитаси, туман тиббиёт бирлашмаси, ўзини-ўзи бошқариш органлари маслаҳатчилари, «Камолот» ЁЙҲ, Ўрта махсус касб-таълим бошқармаси, тумандаги коллежларнинг маънавият ва тарбия ишлари бўйича директорнинг ўринбосарлари, коллежга шу йили биринчи курсга қабул қилинган ўқувчи ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида коллеж ўқувчиларнинг аксарияти қизлардан ташкил топганлиги сабабли никоҳ ёши тўғрисидаги ва таълимнинг мажбурийлиги ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, қизларни шаръий никоҳ орқали эрта турмушга бериш ҳолатларининг олдини олиш ва қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилада тиббий маданиятни шакллантириш, ёшларни мажбурий таълим билан тўлиқ қамраб олиш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари ҳақида фикр юритилди.

Шунингдек, «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган «Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият» мавзусида иштирокчиларга кенг тушунтиришлар берилди ва Мустақиллик йилларида сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт ва маънавият, ижтимоий ҳаёт, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш каби кўплаб йўналишларда эришилган ривожланиш ва юксалиш натижаларини халқимиз, кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш, ватандошларимиз, айниқса ёш авлод қалби ва онгига мустақилликнинг беқиёс ахамияти, кенг имкониятлар манбаи эканини, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада чуқур сингдириш, мустақиллик йилларида эришилган энг катта бойлигимиз-халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги сўзга чиққанлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда шунингдек, жорий йилнинг 14 май куни қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ҳам кенг тушунчалар бериб ўтилди.

Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб олишди.