Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

DSC02083.JPG

Адлия вазири Н.Йўлдошев бошқарган мажлисда адлия органлари ва муассасалари томонидан 2014 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида амалга оширилган ишлар якуни ва галдаги вазифалар, шунингдек, Фарғона ҳамда Наманган вилоят адлия бошқармалари фаолиятини комплекс ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида вазирлик томонидан 55 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунчиликни такомиллаштириш ва айрим соҳаларга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган 11 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. 2023 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маҳаллий давлат ҳокимият органларининг 1258 та қарорлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Тадбиркорлик субъектлари, инсон ҳуқуқлари ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ўрганилиб, уни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар тайёрланди. Жумладан, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид чора-тадбирларни белгилаш, айрим рухсат берувчи тартиботларни бекор қилиш, уни расмийлаштириш муддатлари ҳамда улар бўйича йиғимлар миқдорини қисқартиришни норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда адлия органлари ходимлари фаол иштирок этдилар.

Ҳисобот даврида адлия органлари томонидан судларга киритилган даъво аризаларнинг қарийб 47 миллиард сўмлиги қаноатлантирилди. Жорий йил қишлоқ хўжалиги ҳосили учун тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан қарийб 500 мингга яқин шартномалар тузилишида ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Тизимда ижро интизомини мустаҳкамлаш ва назорат фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида амалиётдаги тажриба мукаммаллаштирилиб, соҳа ва минтақа кесими бўйича жойлардаги адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича самарали механизм жорий этилди.

Ислоҳотлар ва бунёдкорликларнинг асосий мақсади, фуқароларга муносиб турмуш шароитини яратиш ва уларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишдан иборатдир. Ана шундай ишларни амалга ошириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан деярли барча вилоятларда замон талабларига жавоб берадиган ва тегишли шарт-шароитларга эга янги қурилган ФҲДЁ бўлимлари ва Никоҳ уйлари фойдаланишга топширилди. Хусусан, 2013 йилда ФҲДЁ органларига 17 та янги бино қурилиб, 11 та мавжуд бинолар таъмирланган бўлса, жорий йилда ФҲДЁ органларига 21 та янги бино қуриш ва 9 та мавжуд биноларни таъмирлаш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Ҳуқуқий тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини ошириш, Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасини такомиллаштириш, уни доимий равишда янгилаб боришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ҳозирда “Lex.uz” миллий тизимида 31 мингдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган.

DSC02083.JPGМажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим адлия органлари ва муассасалари томонидан фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кескин танқид қилиниб, раҳбарларнинг бу борадаги ахборотлари эшитилди. Жумладан, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ишларни тизимли равишда режалаштириш, амалга ошириш, назорат ва мониторинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, камчиликларни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда шароитларни аниқлашга етарли эътибор қаратмаётган айрим адлия органлари раҳбарлари фаолияти танқид қилиниб хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.

Ҳайъат мажлисида адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, ўрганишлар асосида қонунбузилишларни бартараф этишга қаратилган таъсир чоралари самарадорлигини янада ошириш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларни қонун доирасида қаноатлантириш салмоғини ошириш, “ФҲДЁ ягона электрон базаси” дастурий таъминоти билан ишлашни кенгайтириш, жойлардаги тадбиркорлик субъектларини Текширишларни рўйхатга олиш китоби билан тўлиқ таъминлаш чораларни кўриш, фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларига зарур амалий ёрдам кўрсатиш орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклаш, ҳуқуқшуносликка ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш юзасидан зарур топшириқлар берилди.

Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.