Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Халқаро семинар-тренинг


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адолатли суд жараёнида адвокатнинг роли: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.

DSC02083.JPG

Унда адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар вакиллари АҚШ юристлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда адвокатура институти мустақиллигини ошириш, бу борадаги халқаро тажриба, суд процессида прокурор ва адвокатнинг тенглиги каби бир қатор масалаларни атрофлича муҳокама этдилар.

Семинарда таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари адвокатура институтининг тубдан мустаҳкамланиши, янада фаоллашуви, жиноят, фуқаролик ва хўжалик масалаларига оид тергов ҳамда судлов жараёнларида қонунийликни таъминлаш гаровига айланди.

Давлатимиз мустақилликни қўлга киритгач, ўз олдига ҳуқуқий демократик давлат қуришни мақсад қилиб қўйди ва бу олий мақсадга эришиш учун адвокатура институти ҳам тубдан ислоҳ қилиниши тараққиётнинг бош мақсадига айланди. Айниқса, 2001 йил 29 августда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги даврини бошлаб берди.

Сўзга чиққанлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида, Президентимизнинг 2008 йил 1 май кунги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадларини ўзида мужассам этганлигини таъкидладилар.

Халқаро экспертлар, Ўзбекистонда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганлигига юқори баҳо беришди. Айниқса, “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан адвокатларнинг ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирганлиги халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келишини эътироф этишди.

Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилаётган бўлиб, Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда амалиётда вужудга келаётган айрим муаммоларни ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда халқаро ҳуқуқ меъёрлари талабларига мувофиқ нафақат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини конституциявий ҳимоялаш асослари ва кафолатлари шакллантирилди, балки уни рағбатлантириш, ҳимоя қилиш юзасидан ташкилий механизм ҳамда тегишли миллий инфратузилма ҳам вужудга келтирилди. Бунинг исботи сифатида, бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя масалалари билан шуғулланиб келаётган миллий институтлар, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

3 кунлик халқаро семинар интерфаол шаклда амалий машғулотлар билан давом эттирилди. Ташкил этилган саҳнавий суд жараёнида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ҳимоя босқичи, адвокатнинг ҳимояни таъминлаш жараёнидаги процессуал ҳаракатлари, суд жараёнида қонунчилик талабларининг услублари бўйича иштирокчилар ўзаро мулоқотга киришдилар. Бу каби тадбирлар суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида адвокатура ролини янада оширишга, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасини таъминлашга хизмат қилади.