Янгиликлар
Ғолиблар ва совриндорлар тақдирланди
Мамлакатимизда спортни оммалаштириш, соғлом ҳаёт тарзини қарор топтириш, уни том маънода оммавий умумхалқ ҳаракатига айлантиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда. Биргина, ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 113 та болалар спорти объектларининг фойдаланишга топширилганлиги, бу мақсадлар учун 210 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилганлиги спортни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг ёрқин ифодасидир.
Айниқса, ўзбек футболини янги босқичга кўтариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига барчамиз гувоҳмиз. Миллионлар ўйини деб ном олган футбол - Ўзбекистондаги маданий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
Адлия вазирлиги тизимида ҳам соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида уч йилдирки, футбол бўйича “Адлия вазирлиги кубоги” учун мусобақалар ташкил этилмоқда. Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил этилган жорий йилги мусобақалар ҳам дўстона кайфиятда ўтказилди. Икки ҳафта давомида “Пахтакор” мини футбол майдонида вазирлик марказий маҳкамаси ҳамда пойтахтдаги адлия органлари ва муассасалари командаларидан таркиб топган жамоалар ўзаро куч синашди.
Мусобақа якунида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Н.Йўлдошев, спорт — ҳар қайси миллат, ҳар қайси халқни дунёга танитиш, ғурур ва ифтихорини юксалтиришнинг энг самарали ҳамда таъсирчан воситаларидан бири, шу билан бирга, у кишини жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялашнинг муҳим омили эканлигини қайд этди.
Шундай қилиб финал мусобақа ўйинларида ғолиб жамоалар аниқланди. Шиддатли ва ўзаро дўстона руҳда ўтган беллашувларда, “Адлия вазирлиги кубоги” ҳамда қимматбоҳо совға Тошкент давлат юридик университети жамоасига, иккинчи ўрин ҳамда қимматбаҳо совға Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси жамоасига, учинчи ўрин ҳамда қимматбаҳо совға Республика Суд департаменти жамоасига насиб этди.
Шунингдек, футбол ўйинларининг турли номинациясида маҳорат кўрсатган ходимларга ҳам Адлия вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари топширилди.