Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

Ҳамкорлик тўғрисида Меморандум


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 5 июнь - Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ҳамда “Экологик ҳафталик” муносабати билан “Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.

DSC02083.JPG

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда бошқа бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва мавжуд бўлган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда инсон билан табиат ўртасидаги муносабатларни қонун билан тартибга солишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш инсоният ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этади. Атроф муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муамммоларни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб, цивилизациянинг ҳозирги куни ва келажаги кўп жиҳатдан ана шу масаланинг ижобий ҳал қилинишига бевосита боғлиқдир.

Мамлакатимизда мустақилликка эришгандан сўнг атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”,“Ер ости бойликлари тўғрисида”, “Давлат ер кадастри тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Ушбу қонунларда табиатни муҳофаза қилиш, табиий объектлардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларнинг мақсади, вазифаси, объект ва субъектлари, табиий ресурсларнинг ҳуқуқий ҳолати, ушбу соҳада юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, эркинликлари, ваколатлари, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тартиби, муддати, экологик қонунчилик талабларини бузганлик учун юридик жавобгарлик чора-тадбирлари каби экологик-ҳуқуқий қоидалар ўз аксини топган.

DSC02083.JPGСўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, бозор муносабатларини, ижтимоий сиёсатни ва экологик мақсадларни бир-бирига мувофиқлаштириш ҳамда уйғунлаштириш муаммоси ҳали ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бу эса ушбу соҳадаги муносабатларни янада самаралироқ ҳуқуқий тартибга солишини тақозо этади.

Давлатнинг экологик функциясини амалга оширишда ижро ҳокимияти органлари, яъни вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқарув идоралари ва уларнинг маҳаллий органлари муҳим аҳамият касб этади. Мазкур органлар табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини жойларда ҳаётга изчил татбиқ этишга масъул ҳисобланади. Шу ўринда, экологик муаммоларни бир ёки бир неча давлат органини саъй-ҳаракатлари билан бартараф этиб бўлмайди. Ушбу мақсадга эришиш учун комплекс тарзда ёндашиш, барча давлат идоралари, вазирликлар ва ташкилотларнинг, умуман олганда кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш муҳим саналади.

Бунда атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида, давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутувчи самарали бошқарувни шаклантириш устуворлик касб этиши лозим.

Тадбирда қайд этилганидек, олий мақсадга эришишда юқори малакали, замон талабига жавоб берадиган мутахассисларга эҳтиёж сезилади. Малакали кадрларни тайёрлашда фан ва амалиётни уйғунлашувига эришиш зарур. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Тошкент давлат юридик университетининг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш долзарб аҳамият касб этади. Ўз навбатида, ушбу саъй-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Пезидентининг 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳиятига тўла мос келади.

Анжуман натижасига кўра, атроф муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

Унинг натижасига кўра ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар мамлакатни барқарор ривожланиш соҳасидаги зарур норматив-ҳуқуқий хужжатлар ишлаб чиқилишига, самарали илмий тадқиқот ишларининг олиб борилишига хизмат қилади.