Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Мамлакатимиз қудратининг ёрқин намунаси


Ўзбекистон Республикаси резиденти Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилишининг бориши билан танишиш мақсадида 25 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. DSC02083.JPG

Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш, замонавий бизнес инфратузилмасини ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиздаги макроиқтисодий барқарорлик ва қулай сармоявий муҳит таъсирида энг ривожланган давлатлар, нуфузли молия муассасалари мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилмоқда. Бунинг самарасида янги-янги замонавий корхоналар бунёд этилмоқда.

Ўзбекистон учун Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ва ҳар жиҳатдан ишончли стратегик шерикдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада, фирма ва компаниялар доирасида ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда қарор топган муносабатлар 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация руҳида изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Ўзаро ҳамкорликда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилмоқда.

Сурғил кони негизида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг юксак намунасидир. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Унинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Президентимиз Ислом Каримов 25 апрель куни ушбу йирик саноат корхонасига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

– Бундай йирик ва муҳим лойиҳани Корея Республикаси билан ҳамкорликда амалга ошираётганимиз бежиз эмас, – деди давлатимиз раҳбари. – Ўзбекистон Корея Республикасига улкан иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга ривожланган давлат сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасида қарор топган мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксак қадрлайди.

Устюрт газ-кимё мажмуаси нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан биридир. “Project Finance International” халқаро нашри ушбу мажмуани қуриш лойиҳасининг лойиҳавий молиялаш битимини нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб эътироф этган. Шунингдек, у “Trade Finance Magazine” ва “Global Trade Review” нашрларининг “2012 йилнинг энг яхши битими” халқаро мукофотларига сазовор бўлган.

2014 йил 13 мартда яна бир нуфузли халқаро нашр – «Infrastructure Journal» ушбу газ-кимё мажмуаси қурилиши лойиҳасини «Нефть-газ соҳасидаги 2014 йилнинг глобал битими» нуфузли мукофоти билан тақдирлади.

Мазкур лойиҳа қўшма корхона муассислари бўлган Жанубий Кореянинг «Kogas», «Lotte Chemical», «STX Energy» компаниялари ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг 1,4 миллиард доллар ҳажмидаги тўғридан-тўғри инвестицияси, шунингдек, 2,5 миллиард доллардан зиёд кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Лойиҳани молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки, Korea Development Bank, Korea Finance Corporation (Корея Республикаси), China Development Bank (Хитой), ING (Нидерландия), Hermes, KfW, Bayern LB, Siemens Bank (Германия), Credit Suisse (Швейцария), EKN, Nordea, SEC (Швеция) каби тараққиёт банклари ҳамда етакчи тижорат банклари, шунингдек, Жанубий Корея, Германия ва Швециянинг лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган банкларга суғурта тўловларини тақдим этган экспорт-импорт агентликлари сингари нуфузли молия муассасалари иштирок этаётгани ушбу лойиҳанинг нақадар истиқболли эканидан далолат беради.

DSC02083.JPG2012 йилда бошланган қурилиш ишлари бугунги кунда жадал давом этмоқда. Замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиб, ускуналар ўрнатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу ерда меҳнат қилаётган ишчи ва мутахассислар билан суҳбатлашди.

Меҳнатсеварлик, самимийлик, бағрикенглик каби фазилатлар ўзбек ва корейс халқларига бирдек хос, деди Юртбошимиз.

Мажмуа қурилишида 6 минг 400 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг 3 минг 500 дан зиёди юртимиз мутахассислари бўлиб, аксарияти ёшлардир.

Биз мустақиллигимизнинг илк йилларида келажаги буюк давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик, деди Президентимиз. Бугун замонавий билимларни пухта эгаллаган, мана шундай ноёб заводларда ишлаётган ёшларимизга қараб қувонамиз ва ана шу эзгу ниятларимизга эришаётганимизнинг амалий ифодасини кўрамиз.

Давлатимиз раҳбари бу ерда меҳнат қилаётган ишчи ва мутахассисларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари билан қизиқди.

Учрашувда “Uz-Kor Gaz Chemical” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси бошқаруви раиси Ли Хонг Йол, «Lotte Chemical» компанияси директори, лойиҳанинг техник раҳбари Хюн Чул Пак, “Hyundai engineering” компанияси менежери, Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиш майдони раҳбари Ким Ван Су ва бошқалар яратилган қулай шарт-шароит, доимий эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.