Янгиликлар
29
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш самарадорлигини ошириш
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш самарадорлигини ошириш
Мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” эканлиги ҳамда 77-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурийлиги” мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб 1992 йили «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни ратификация қилди. Миллий қонунчилигимизни конвенция қоидаларига имплементация қилиш асносида 2008 йил 7 январда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Айниқса, сўнги йилларда мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ ислоҳотлар натижаси ҳалқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
Хусусан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикасида амалга оширган мониторинг натижасида ҳамда дунё ҳамжамияти вакиллари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистонда ижобий ишлар қилинганини эътироф этди. 2019 йилнинг 1 апрелида Брюссель шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Жаҳон банки Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб унда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарганлиги ҳамда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилганлиги маълум қилинди.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4296-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди ва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи янги сектор тузилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Нукус шахар Юридик хизмат кўрсатиш маркази
Бош юрисконсульти А.Сейтназаров