Янгиликлар
24
Конституция-оила,болалар ва ёшлар ҳуқуқлари кафолатлари
Конституция-оила,болалар ва ёшлар ҳуқуқлари кафолатлари
Таъкидлаб ўтиш жойизки, Ўзбекистонда оила,болалар ва ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари янги Конституцияда тўлиқ ўз аксини топган десак, муболаға бўлмайди.
Шу аснода,янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оила, болаларнинг соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши, шунингдек ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ёшларнинг барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди десак,асло хато бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 14 боби, Оила, болалар ва ёшлар деб номланган бўлиб,бешта ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган.
Жумладан, янги таҳрирдаги Конституция 76-моддаси Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги;
никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши.
Шунингдек, юқорида айтиб ўтилган модданинг учинчи бандида Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади деб белгилаб қўйилга норма том маънода айтиб ўтилган фикрларнинг тасдиғи бўлиб, жамиятда оиланинг мустақил ривожланиши учун хизмат қилиши,шубҳасиз.
Шу билан бирга, Конституциянинг 77-моддаси учинчи бандида Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар; мазкур модданинг иккинчи бандида эса, Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради яна бир умумэътироф этилган тамойил мустаҳкамланган.
Бугунги кунда оталик,оналик ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди.
Шу аснода,Конституциянинг 78-моддасида, Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги;
боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги;
Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши;
Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади, деган қатьий нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилганини кўриш мумкин.
Муҳим жиҳатлардан бири, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 79-моддасида Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.
Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади деб белгилаб қўйилган.
Ушбу нормалар том маънода, Янги Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ҳисобланиб, давлат оиланинг, болаларнинг ва ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланишини фақат Конституция ва қонунлар асосида таъминлайди, деган тамойил ҳаётга татбиқ этилишининг кафолати эканлигидан яққол дарак беради.
Мухтасар қилиб айтганда, бугун Конституциямизнинг янги нормаларида оила, болалар ва ёшлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган нормалардаги асосий эътибор, давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги,
Ҳуқуқий бўлим бошлиғи
Парахат Кожаметов