Янгиликлар
29
Коррупцияга қарши кураш давр талаби
Коррупцияга қарши кураш давр талаби
Айтиш керакки, янгиланаётган Ўзбекистонда демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ўз-ўзидан ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади.
Таъкидлаш жойизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарувга оид бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ҳеч бир муболағасиз айтиш лозимки, коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий ҳужжати ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти катта ҳисобланади.
Мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида бевосита коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шу билан бир қаторда, 2017 ийил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сон қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Маълумки, коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади ва ҳар қандай мамлакатнинг ривожланишини таназзулига олиб келади.
Юридик этмиологияга кўра, коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири бўлиб, коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш,шунингдек қонунга хилоф равишда пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Юридик адабиётларда белгиланишича, коррупция- атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзини англатиб, коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
"Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса ҳисобланади.
Маълумки, мамлакатимизда ижро этувчи органлар устидан фуқаролик жамият институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамотчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни ҳам қабул қилинган.
Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Шу маънода, айнан “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини қабул қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.
Таъкидлаб ўтиш жойизки,юртимизда коррупциявий жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, шунингдек фош этилган коррупциявий жиноятларни содир қилган шахслар қаттиқ жазоланмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.
Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтганимизда, коррупцияга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимизфаол иштирок этишлари зарур.
Шундагина,жамиятнинг барча бўғинидаги давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги ҳаракатлари билан,коррупцияга қарши самарали натижаларга эришиш мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги,
Ҳуқуқий бўлим бошлиғи
Парахат Кожаметов