Янгиликлар
Модернизация – давр талаби
Нукусда аграр сектор тармоқларини модернизация қилиш, олис қишлоқ ва овуллар инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси фермерлар кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, банк, солиқ идоралари, “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” компанияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали мутахассислари, депутатлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида маҳаллий хомашёдан сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, олис қишлоқ ва овуллар инфратузилмасини ривожлантириш, аграр тармоқни модернизация қилиш ва қайта ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Тадбирда пахта, ғалла, пилла, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик маҳсулотлари етиштириш билан бир қаторда иссиқхоналар ташкил этиш, сервис хизмати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш учун банк ва солиқ тизимидаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида фермерларга батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 3 минг 395 фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари шу ернинг ўзида қайта ишланиб, ички бозорга етказиб берилаётган бўлса, маълум қисми экспортга чиқарилмоқда.
Тадбир доирасида иштирокчилар Нукусдаги “Ориент техноложи” қўшма корхонаси ҳамда Хўжайли туманидаги “Элайт старс текстиль” корхонасида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. 2012 йилда ишга туширилган “Элайт старс текстиль” корхонаси ип-калава ишлаб чиқаради. Айни пайтда бу ерда меҳнат қилаётган 180 кишининг 102 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Корхонада ўтган йили 10,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 4 миллион 759 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.