Янгиликлар
21
Гендер тенглиги ўзи нима?
Гендер тенглиги ўзи нима?
Гендер тенглик ўз нима? бу эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги - инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади.Шунингдек, гендер тенглик, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг ҳам негизи ҳисобланади.Миллий қонунчилигимизга «гендер» тушунчаси 2019 йил 3 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни билан киритилган бўлиб, унга кўра гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу қонун билан гендер статистикаси — давлат статистикасининг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолати тўғрисида ҳар бир жинс бўйича алоҳида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган, ҳар хил жинсдаги шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги тегишли ҳолатини акс эттирадиган, гендер муаммоларини ва жамиятдаги муносабатларни ёритадиган қисми, гендер-ҳуқуқий экспертиза — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш каби тушунчалар ҳам қонунчилигимизга киритилди.
Мазкур қонуннинг 1-моддасида, ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги таъкидланган бўлиб, қонунда давлат органларидаги ваколатли шахснинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари, давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш учун танловларда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, меҳнат муносабатларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, уй меҳнатини бажаришда тенг муносабатлар кафолатлари белгиланган.
Шунингдек, ушбу қонунда агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши ҳам назарда тутилган.
Амударё тумани Адлия бўлими
ЮХКМ бош юрисконульти: М.Матюсупов.