Янгиликлар
Оила жамиятнинг асосий бўғини
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Жўқорғи Кенгес, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида “Оила – давлат ва жамият ҳимоясида” мавзусида анжуман ўтказилди.
Оила улуғ ва муқаддас макон, инсон камолотининг бешиги, дунёдаги жамики эзгу умидларнинг олтин калитидир. Юртбошимиз айтганларидек: “Оила соғлом бўлса, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осойишта бўлади!”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-боби алоҳида оилага бағишланиб, унинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.
Оила қуриш масаласи ҳар бир инсон ҳаётида улкан ҳодиса ҳисобланади, мазкур масаланинг муҳим аҳамият касб этишини ёшларга етказиш бу борадаги ҳуқуқий тарғиботнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Анжуманда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила институтига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини шу муносабат билан, оила муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштириб борилаётганлигини таъкидладилар.
Судлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятида синовдан ўтган ва ўзлаштирилган кўп йиллик тажриба янги Оила кодексида ўз ифодасини топди. Мазкур Кодексда биринчи марта никоҳ шартномаси институти, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг қўлланилиши, қон-қардошлик, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент тўлаш тўғрисидаги мажбуриятлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби қатор муҳим қоидалар ўз аксини топди.
Таъкидланганидек, Бош қомусимизда фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари каби қоидаларнинг белгиланганлиги она ҳамда бола муҳофазасига давлат эътиборининг нақадар юқори эканлигини кўрсатади. Жорий йилнинг юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилди.
Анжуманда шунингдек, оила тўғрисидаги қонунчилигимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаб бориш, жамиятдан ўзига муносиб ўрин топишида кўмак бериш, ёш оилаларнинг тарбияси борасида барчанинг масъул эканлиги, мустаҳкам оила вужудга келиши учун ёш оилаларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари, хусусан уларнинг қошида ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар мактаблари” томонидан ҳам бир қанча ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилди. Ўтказилаётган бундай тадбирларга жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари, соғлиқни сақлаш бўлимлари, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ҳамда маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари ҳам жалб этилган.
Ёшлар фаоллигида ўтган тадбирда Конституция асосида оилага берилган эътибор, жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оила мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлашга, юрт эртаси бўлган фарзандлар эса тинч, осуда хонадонларда камол топишига замин яратиши эътироф этилди.