Янгиликлар
Фаолият таҳлили ва долзарб вазифалар
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида турли лойиҳалар амалга оширилаётир. “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” ана шундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Форумнинг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган жамоатчилик кенгаши таркибида “Аёллар кенгаши” жамоат бирлашмаси, Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимлари, бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари бор.
“Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми”нинг Нукусда ўтказилган йиғилишида мазкур ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йил мобайнида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Форумнинг ҳудудий жамоатчилик кенгаши томонидан жойларда миллий анъана ва қадриятларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда тадбирлар уюштириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, муқаддас қадамжоларни озода тутиш каби хайрли ишларга кенг жамоатчиликни жалб этиш борасида ўзига хос тажриба тўплангани таъкидланди.
Фуқаролар мурожаати асосида Нукус шаҳридаги “Рисвой” канали устига кўприк қурилди. Бу шаҳарнинг эски ва янги қисмлари ўртасидаги масофани анча қисқартириш имконини берди.
– Ўтган бир йиллик фаолиятимиз давомида ахборот марказимизга 400 дан зиёд фуқаро мурожаат қилди, – дейди “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” Қорақалпоғистон Республикаси жамоатчилик кенгаши раиси Ўрол Отаниёзова. – Уларнинг аксарият қисми ўрганиб чиқилиб, ижобий хал этилди. Шу аснода ижтимоий ва тадбиркорлик лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, эҳтиёжманд фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Тадбирда “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” олдида турган муҳим вазифалар белгиланди.