Янгиликлар
Сайлов юқори савияда ўтади
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида маҳалла институтининг мавқеи мустаҳкамланиб, фуқароларнинг муаммолари ҳал этиладиган, оилаларга ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиладиган масканга айланди.
Қорақалпоғистон Республикасида 401 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи самарали фаолият кўрсатмоқда. Мўйноқ туманидаги “Учсай” овул фуқаролар йиғини раиси ва унинг 11 нафар маслаҳатчиси ҳудудда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларни, обод турмуш ғоясининг моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида салмоқли натижаларга эришмоқда.
Овул ҳудудидаги Учсай, Порт Учсай ва Тўқбақ ота овуллари инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини, айниқса, ёшларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида кейинги йилларда бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Замонавий таълим ва соғлиқни сақлаш масканлари, болалар спорт майдончалари, турли маиший хизмат шохобчалари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудудда фаолият кўрсатаётган етти тадбиркорлик суъектида иш билан банд бўлган аҳолининг асосий қисми ёшлардан иборат.
– Миллатлараро тотувлик мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг, барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидандир, – дейди “Учсай” овул фуқаролар йиғини раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Б.Ержанова. – Бунда, албатта давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг ўрни беқиёс. Кейинги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли бир пайтлар чекка ва олис ҳудуд сифатида эътибордан четда бўлиб келган овулимиз қиёфаси буткул ўзгарди. Аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиб, замонавий инфратузилма имкониятларидан тўла баҳраманд бўлмоқда.
Айни кунларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби ушбу овул фуқаролар йиғинида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида шу йил ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган сиёсий жараёнга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Бўлажак сайловни уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтказиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Ишчи гуруҳи тузилиб, аҳоли орасида обрў-эътиборга эга, ташкилотчилик қобилияти юқори бўлган кишилар тарғибот ишларига жалб этилди.