Боғланиш

Телефон
(+998 73) 233-86-93 233-15-82

Электрон манзил
qoraqalpoq@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

04

Навбатдаги II Конференция


Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг навбатдаги II Конференцияси бўлиб ўтди. Конференция Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг юқори органи бўлиб, камида беш йилда бир марта чақирилади.DSC06705.JPG

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенаторлари ва депутатлари, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Адвокатлар палатаси ва унинг молиявий назорат органи – Тафтиш комиссиясининг 2008-2013 йиллар давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботини тасдиқлаш, Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадаллари миқдорини белгилаш, Адвокатлар палатаси Низомига, Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Адвокатнинг касб этикаси қоидаларини янги таҳрирда қабул қилиш, Адвокатлар палатасининг ижро этувчи органи – Бошқарувни ва молиявий назорат органи – Тафтиш комиссиясининг аъзоларини, шунингдек, Адвокатлар палатаси раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидлаш керакки, Адвокатлар палатасининг биринчи Таъсис Конференцияси 2008 йил 12 сентябрда ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилоти сифатида Адвокатлар палатаси ташкил этилиб, унинг Низоми тасдиқланган. Бугунги кунда Палата ўзининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизими сифатида фаолият олиб бормоқда.

Конференцияда қайд этилганидек, жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида улуғлашдек эзгу ғоя сингдирилган. Шундай экан, бу жараёнда адокатларнинг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади.DSC06736.JPG

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур институтини такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу Фармонда белгиланган вазифаларни амалиётга тадбиқ этиш мақсадида 3 та Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ҳамда 10 га яқин идоравий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ҳозирда мамлакатимизда 3.634 нафар адвокатлар 1.241 та адвокатлик тузилмаларида фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар томонидан фуқаролар ва корхоналарга зарур юридик ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Биргина, 2012 йил давомида адвокатлар томонидан жиноят, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларда иштирок этиш учун ишонч билдирувчи ва ҳимоя остидаги шахслар билан жами 140 мингданортиқ юридик ёрдам бўйича шартномалар тузилган.

Таъкидланганидек, Адвокатлар палатаси томонидан ўтган давр мобайнида адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини марказлаштирилган ҳолда мувофиқлаштириб бориш, адвокатурани янада ривожлантиришга, унинг обрў-эътиборини оширишга, адвокатуранинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга кўмаклашиш, адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам самарадорлигини ошириш, шунингдек, адвокатлик тузилмаларида иш юритувни тартибга солиш мақсадида 20 га яқин ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

Илдам одимлаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари адвокатдан замон билан ҳамқадам, изланувчан ва тиришқоқ, бир сўз билан айтганда, ўз касбининг фидойиси бўлишни талаб этмоқда. Ислоҳотлар соҳа вакиллари олдига нафақат ҳуқуқий билимлар эгаси, балки, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий билимлар соҳиби бўлишини ҳам долзарб вазифа сифатида қўймоқда. Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари жойларда аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган 25 минга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширган.

Адвокатларнинг касбий тайёргарлиги ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш борасида 2010-2013 йиллар давомида 2 мингдан ортиқ адвокатлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган махсус курсларда малака оширганлар.DSC06716.JPG

Бундан ташқари, Адвокатлар палатаси томонидан мунтазам равишда аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имконияти туманлар ва шаҳарларда мониторинг қилиш йўли билан ўрганиб борилмоқда ҳамда тегишли ҳудудларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирда “Адвокатнинг касб этикаси” қоидалари қабул қилиниб, унда адвокат ўзининг профессионал фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари ва одоб-аҳлоқ нормаларига, шунингдек, адвокатнинг қасамёдига қатъий риоя этиш ҳамда ишонч билдирувчи ва ҳимоя остидаги шахслар билан ўзаро муносабатлари белгиланди.

Конференцияда Адвокатлар Палатаси Бошқарувига ҳар бир ҳудуддан 2 тадан жами 28 нафар, Тафтиш комиссиясига 5 нафар аъзолар ҳамда Адвокатлар палатаси раиси ва раис ўринбосарлари сайланди.

Унинг якунлари бўйича иштирокчилар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлмиш адвокатура тизимини янада такомиллаштириш, унинг таркибини малакали бой ҳаётий тажрибага эга бўлган вакиллар ҳисобига тўлдириш, адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини кучайтириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш, бу борада муҳим аҳамият касб этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.