Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Қонун ижодкорлиги жамиятда муҳим аҳамият касб этади


Қорақалпоғистон республикаси Адлия вазирлигида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги низом ҳамда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экс­пертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома, Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари И.Тур­ғунов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 104-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимия­ти тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, юқорида турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Бунда ҳуқуқий экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Президент ва ҳукумат қарорларига, шунингдек, қонунчилик техникасига мувофиқлигини текширишга қаратилган.

Адлия вазирининг 2008 йил 10 сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги Низомга (рўйхат рақами 1856, 2008 йил 10 сентябрь) асосан Адлия вазирлиги томонидан барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг давлат ҳисоби юритилади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти жамиятда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун йўл очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида давлат сиёсатини юритишга ёрдам беради.