Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

Миссонерлик ва прозелитизмга қарши кураш – ҳар бир фуқаронинг вазифаси.


Миссонерлик ва прозелитизмга қарши кураш – ҳар бир фуқаронинг вазифаси.

Миссионерлик ҳаракати, агар олди олинмаса, нафақат инсонларнинг эътиқодига, балки турли дин, миллат ва элатларнинг ҳамжиҳатлигига ҳам рахна солиши мумкин. Кейинги вақтларда миссионерлик ҳаракати дунё миқёсида диний ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик каби глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бу иллатга қарши курашиш ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатларда долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдур.
Прозелитизм - бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилиш.
Миссионерлик ва прозелитизм дин билан боғлиқ ҳолда шаклланган ва мутаассибликка асосланган ҳодисалар ҳисобланади. Миссионерлик сўзи лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерликнинг мақсади ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар ёки бошқа динларга мансуб шахсларни муайян динга киришга даъват этишдир.
Бундай диний даъватлар ўзга мамлакатлар ҳудудида амалга оширилса “ташқи” миссионерлик деб, давлатнинг ўз ҳудудида динсиз (атеист) ва бошқа динга мансуб шахслар орасида амалга оширилса “ички” миссионерлик деб юритилади.
Миссионерликнинг ўта фаол кўриниши прозелитизмдир. Прозелитизм бирон бир динга мансуб инсонларни руҳий ва турли хил таъсир усуллари орқали ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга эришишдан иборат.
Миссионерлик ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, ҳозирги кунда дунёда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда кўпинча нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлар мақомидан фойдаланишга уринишади. Бундан ташқари баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида ҳам фаолият олиб боришмоқда.
Шунингдек, маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган, дизайни анча чиройли бўлган, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақолаларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган аудио-видео кассеталарни ҳам аҳолига бепул тарқатган ҳолатлар кўп кузатилган.
Бундан ташқари, улар турли мамлакатларда санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига малакали мутахассис кадрларни «иш»га юбориш, якка-ёлғиз ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларга кўнгилочар мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро «ҳамкорлик» ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга ўқиш ёки малака ошириш сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашиш каби усуллардан ҳам фойдаланади.
Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина  бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Замонавий миссионерликнинг умумий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
- муайян мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиш;
- халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида фаолият юритиш;
- миссионерлик - ўзига хос бизнес, шахсий бойиш манбаи;
- миссионерлик - давлатлар ва сиёсий кучларнинг геосиёсий режаларига хизмат  қиладиган сиёсий қурол.
Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.
Миссионерлик ҳаракатлари миллий маънавий барқарорликка жиддий таҳдидларни кутиш мумкин. Шу боис, мамлакатимизда миссионерлик ва прозелитизм фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган.
Бироқ, фақат миллий қонунчиликда миссионерлик ва прозелитизмга қарши ҳуқуқий чоралар белгилаш билан, бундай ҳаракатларга нисбатан тегишли жазо чоралар назарда тутилиши билан ушбу ғаразли фаолиятга бутунлай чек қўйиш қийин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг салбий моҳиятини чуқур англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш, айниқса тегишли тарбиявий-мафкуравий тадбирларни мунтазам амалга ошириш зарур. Айниқса, ёшларимиз онгини ташқи ахборот майдонида мавжуд турли таҳдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Миссонерлик ва прозелитизмга қарши кураш – ҳар бир фуқаронинг вазифаси, ушбу йўналишда зарур натижаларга эришиш учун ҳар бир фуқаронинг “огоҳ” бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги
Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи
Отеулиев Абилкасим Отегенович