Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

“Адлия сайли” Нукусда


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Адлия сайли” ўтказилмоқда
Аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда бу борада давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам бериш адлия органлари ва муассасаларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилаётган «Адлия сайли» ҳам мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Ташкил этилган тадбир тўлиқ карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилди.
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу муқаддас заминнинг ҳар қарич ерини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини тарғиб қиувчи ҳарбий чиқишлар, маданият ходимлари томонидан ташкил этилган концерт дастури ҳаммага хушкайфият бағишлади.  
Бугун барча давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиш керак» шиори остида Адлия сайлида иштирок этиб, аҳолини ўз фаолиятлари билан яқиндан таништирди ва уларга ҳуқуқий хизмат кўрсатди.
Адлия сайлида фуқароларга нотариуслар, адвокатлар, давлат хизматлари агентлиги, судлар, тижорат банклари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан 200дан ортиқ фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бандик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўш иш ўринлари ярмаркаси билан иштирок этди.
Адлия сайлида Давлат хизматлари агентлиги томонидан 40 га яқин давлат хизматлар кўрсатилди.
Аҳолини ҳар хил фавқулотда вазиятларда қандай йўл тутишни тушунтириш мақсадида сайлга Фавқулотда вазиятлар бошқармаси жалб этилди.
Бугун Соғлиқни сақлаш ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ходимлари «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз. Сиз ҳам бизга қўшилинг» шиори билан тадбир иштирокчиларига хизмат кўрсатмоқда.
Энг аҳамиятлиси Адлия сайлида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол қатнашмоқда.
“Биз биргамиз” акцияси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти аъзолари, Хунарманд уюшмаси аъзолари ҳам ўзлари ишлаб чиқарган ва қўл меҳнати билан тайёрлаган маҳсулот кўргазмаси билан иштирок этди.
Бугун сайлга ташриф буюрувчилар орасида ёшларнинг ҳам кўплиги қувонарлидир.
Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоқ давлат университети талабаларидан ташкил топган “Street law” гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси Юридик техникуми ўқувчиларидан ташкил топган “Адолат қаноатлари” гуруҳи аъзолари томонидан ташкил этилган ҳуқуқий викториналарда ёшлар қатнашиб, ғолиблар эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан  @huquqiyaxborot телеграм каналида ташкил этилган “Совринли викторина”да ғолиб бўлган иштирокчилар ҳам муносиб тақдирланди. Китоб – бу ҳар биримиз учун энг қиммат совғадир. Бугун Адлия вазирлиги тизимидаги ходимлар “Истиқлол” истироҳат боғида жойлашган “Болалар китобхонаси”га ана шундай совғалар билан ташриф буюрди.
“Street law”, “Адолат қаноатлари” гуруҳи аъзолари аҳолининг кундалик ҳаётида энг кўп учрайдиган масалалар ва қонунчиликдаги янгиликлар акс этган буклет, флаерларни тарқатиб, ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Адлия сайлига ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланма” китобчалари тарқатилди.
Шунингдек, Адлия сайлини ташкил этиш ва ўтказишда ҳамкорлик қилган 30 дан ортиқ ташкилотларга миннатдорчилик билдирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги