Янгиликлар
25
Асаларичи муроса йўлини танлади
Асаларичи муроса йўлини танлади
Томонлар ўртасида юзага келган ҳар қандай низони муроса ва тинчлик йўли билан ҳал қилиш халқимизга хос хусусиятлардан бири. Ота-боболаримиз азал-азалдан ўзаро келишмай юрган тарафларни тинчликка, ўзаро тотувликка чақириб, ярашитириш чорасини кўриб келган. Асосийси бу миллатимизга хос фазилатлар қонунларимизда ҳам акс этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан кўрилган навбатдаги меҳнат низосига оид ишларнинг бири томонларнинг ўзаро келишуви билан якунланди.
Воқеага батафсилроқ тўхталадиган бўлсак...
Фуқаро М.Б. туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, унда 2018,2019 ва 2020 йилларда Қипчоқ ўрмон хўжалигида ишлаганлигини, аммо иш берувчи ишлаган даври учун иш ҳақиларини бермаганлигини билдириб, иш ҳақиларини ундириб беришни сўрайди.
Мурожаатни ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам фуқаро М.Б. Амударё туман Қипчоқ Давлат ўрмон хўжалигининг 2018 йил 01 июндаги 14-к-сонли буйруғи билан асаларичи вазифасига ишга қабул қилингани, бунга фуқаро ва иш берувчи ўртасида 2018 йил 1 июнда тузилган 28-сонли меҳнат шартномаси асос бўлгани аниқланади. Даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 29 августда бекор қилинади.
Хисоб-китобларга кўра М.Б.нинг 2018 йил 4 ойи учун, 2019 йил 7 ойи учун ва 2020 йил 7 ойи учун иш ҳақлари жами 15.868.696 сўм ойлик иш ҳақилари тўланмасдан келинган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасига биноан меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Амударё туман Адлия бўлими томонидан 2021 йил февраль ойида даъвогар М.Б. манфаатида жавобгар Қипчоқ Давлат ўрмон хўжалигига нисбатан иш ҳақи ва етказилган маънавий зарарларни ундириш ҳақида даъво ариза киритилди.
Суд муҳокамаси давомида ҳар икки томоннинг фикр ва мулоҳазалари тингланди. Ҳар икки тарафда ҳам меҳнат шартномасида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажаришда камчиликлар борлиги аниқланди. Охир оқибат томонлар ўзаро муроса йўлини танлаб, ўзаро келишувга келишишди.
Яъни даъвогар 15.868.696 сўм ойлик иш ҳақининг ярмига даъво қилиб, қолган суммадан воз кечди. Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг томонларнинг келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажрими билан даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгар ташкилотдан 7.500.000 сўм иш ҳақилари ундириб берилди.
М.Матюсупов,
Амударё туман
Адлия бўлими бошлиғи