Янгиликлар
24
Амударё тумани адлия бўлимининг аралашуви билан фуқаронинг икки йиллик оворагарчилигига чек қўйилди
Амударё тумани адлия бўлимининг аралашуви билан фуқаронинг икки йиллик оворагарчилигига чек қўйилди
Фуқаро А.Ш икки йил давомида иш стажи пенсияга чиқиш учун етарли бўлмагани сабаб турли идора ва ташкилотларга мурожаат қилиб овора бўлади.
Охир оқибат у Амударё тумани адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, унда 1993-1997 йиллардаги иш стажи пенсиясига қўшиб ҳисобланмаётганлигини билдириб, ушбу масалада ҳуқуқий ёрдам беришни сўради.
Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаро А.Ш. 1993-1997 йилларда бола парваришлаш таътилида бўла туриб, Нукус шаҳридаги собиқ Бирлашган “ККстройматериалы” корхонасида ишчи бўлиб ишлашга мажбур бўлгани аниқланади.
Фуқаро А.Ш 2020 йил 28 декабрда пенсияга чиқиш учун БТПЖ Амударё туман бўлимига ариза билан мурожаат қилган ва унга 2021 йил 4 январда бўлимнинг 6-сонли қарори билан рад жавоби берилган. Бунга Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат Пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддаси, яъни иш стажи 7 йилга етмаслиги асос қилиб келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат Пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига кўра, пенсия тайинлаш учун (7-модда) етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (29-модда) тайинланади.
А.Ш 1994 ва 1996 йилларда туғруқ таътилига чиққан бўлсада, аммо орадаги йилларда у ишлаган ва бу йиллар унинг меҳнат дафтарчасида қайд қилинган. Аммо Амударё туман БТПЖ бўлими фуқаро А.Ш.нинг иш ҳақига оид ҳужжатлари етарли бўлмаганлиги, яъни 1993-1997 йиллардаги иш ҳақига оид ҳужжатлари Давлат архивига топширилмаганлиги сабабли ушбу даврини иш стажига қўшиб ҳисобламаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасига асосан меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарорига 1-ИЛОВА «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» ги НИЗОМнинг 56-бандига кўра, иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланиши кўрсатилган.
Аммо фуқаро А.Ш.нинг меҳнат дафтарчасида 1993-1997 йилларда “ОРС П/О “ККстройматериалы” корхонасида ишлагани қайд қилинган бўлсада, аризага илова қилинган Қорақалпоғистон Республикаси Марказий Давлат архивининг 2018 йил 10 декабрдаги маълумотномасида мазкур корхонанинг иш ҳақига оид ҳужжатлари Давлат архивига топширилмагани қайд қилинган. Худди шу мазмундаги маълумотнома хўжалик ҳисобидаги архив томонидан ҳам берилган.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 185-моддасига биноан, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:
унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;
унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган тақдирда судга мурожаат қилишга ҳақли.
Амударё туман адлия бўлими юқорида қайд қилинган иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, БТПЖ Амударё туман бўлимининг 2021 йил 4 январдаги 6-сонли қарорини ғайриқонуний деб топиш, аризачи А.Ш нинг 1993-1997 йиллардаги ишлаган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклашни сўраб Нукус туманлараро маъмурий судига шикоят аризаси киритди.
Суд муҳокамаси давомида барча ҳолатларга аниқлик киритилди ва Амударё туман Адлия бўлимининг аризаси қисман қаноатлантирилди.
БТПЖ Амударё туман бўлимининг 2021 йил 4 январдаги 6-сонли қарорини ғайриқонуний деб топилиб, фуқаро А.Шнинг 1995-1997 йиллардаги ишлаган даврини иш стажига қўшиб хисоблаш мажбуриятини юклаш ҳақида суднинг 2021 йил 17 мартдаги ҳал қилув қарори чиқарилди.
Н.Юсупов,
Амударё тумани адлия
бўлими етакчи маслаҳатчиси