Янгиликлар
16
Адлия бўлимига COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволашга ихтисослашган махсус касалхонада ишлаган икки ходимнинг мурожаати келиб тушди
⚡️Адлия бўлимига COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволашга ихтисослашган махсус касалхонада ишлаган икки ходимнинг мурожаати келиб тушди
Нукус шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаролар Н.Х. ва А.Д. ларнинг Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида Короновирус инфекциясига гумон қилинган беморларни диагностика саралаш ва даволаш учун мўлжалланган марказда ишлаганлиги лекин, рағбатлантириш пуллари тўлиқ тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида, ҳақиқатдан ҳам фуқаро Н.Х. 2020 йилнинг 9 сентябрь кунидан 9 октябрь кунига қадар ва фуқаро А.Д. 2020 йилнинг 12 сентябрь кунидан 9 октябрь кунига қадар COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволашга ихтисослашган махсус касалхонага айлантирилган Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасининг буйруқларига асосан хамшира қилиб бириктирилган ва фуқаролар Н.Х., А.Д. лар марказда ҳақиқатдан ҳам кунига 12 соатдан (фуқаролар Н.Х. 360 соат, А.Д. 324 соат) ишлаганлиги аниқланди.
Лекин, бирлашма томонидан тасдиқланган табелда фуқаролар Н.Х., А.Д. лар кунлик 8 соатдан ишлаган деб нотўғри кўрсатилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги 583-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш объектларида ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ходимларга махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандида “Махсус тўлов тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларга, шу жумладан, қисқа муддатга жалб этилган тор йўналишдаги тиббиёт мутахассисларига кунлик келиб-кетиш иш режимига ўтказилган ҳолда ҳақиқатда ишланган иш ҳажми учун 30 кунлик давр учун тўланиши, 240 соатлик иш юкламаларини тўлиқ бажарган ходимларга ушбу Низомда кўрсатилган миқдорларда махсус тўловлар тўланиши ҳамда агар ходим томонидан 30 кун давомида бажарилган иш ҳажми белгиланган иш юклама меъёридан кам ёки кўп бўлган тақдирда, махсус тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш соатларига нисбатан мутаносиб равишда тўланади”- деб белгиланганлигига қарамасдан тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиб, махсус тўловлар тўлиқ тўлаб берилмаган.
Шу боис бўлим томонидан бирлашмага “қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва унга олиб келувчи шарт-шароитларни бартарф қилиш” тўғрисида тақдимнома киритилди, лекин тиббиёт бирлашмаси томонидан бўлимнинг қонуний талаблари бажарилмасдан, тақдимнома қаноатландирилмади.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво ариза киритилиб, даъво аризага асос фуқаро Н.Х.га 7 000 000 (етти миллион) сўм ва фуқаро Д.А.га 6 750 000 (олти миллион етти юз эллик минг) сўм ундириб бериш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Алишер Атажанов,
Нукус шаҳар адлия бўлими бошлиғи