Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Адлия аралашуви билан нафақа пули тўлаб берилди


Адлия аралашуви билан нафақа пули тўлаб берилди

Беруний тумани адлия бўлимига 2020 йил давомида келиб тушган мурожаатларнинг кўпчилиги ижтимоий нафақалар тайинланиш ва тўланиш тартиби билан боғлиқ бўлиб, туман адлия бўлими аралашуви билан ижобий ҳал қилинди.
Хусусан, фуқаро Б.Р. нинг маҳалла томонидан бола парвариши бўйича нафақа пули ноябрь ойида тўхтатилганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида фуқаро Б.Р.га маҳалла комиссиясининг 2019 йил 27 сентябрдаги мажлис баёни қарорига асосан бола парвариши бўйича нафақа тайинланиб, октябрь ойидан бошлаб 12 ой муддатга яъни 2020 йилнинг сентябрь ойигача тўланиши белгиланганлиги ва 2019 йилнинг октябрь ойидан 2020 йилнинг октябрь ойига қадар тўлаб берилганлиги аниқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сон фармонининг 4-бандида тўлаш муддати 2020 йилнинг июль-сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттирилиши белгиланган эди.

Лекин маҳалла томонидан тўлаш муддати 2020 йил сентябрь ойида тугайдиган бола парвариши билан шуғулланаётган фуқаро Р.Б.га нафақа тўлаш фақат 1 ойга давом эттирилиб, 2020 йилнинг октябрь ойида тўлаб берилганлиги, ноябрь, декабрь ойларида эса тўлаб берилмаганлиги, натижада қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 37-бандига асосан тайинланган, аммо ўз вақтида талаб қилиб олинмаган (тўланмаган) болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ўтган давр учун бир вақтнинг ўзида тўлиқ миқдорда тўланади деб белгиланган.

Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан Беруний тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритилиши натижасида фуқаро Б.Р.га ноябрь, декабрь ойлари учун 868.000 сўм миқдорда бола парвариши бўйича нафақа пули тўлаб берилди ва қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйган масъул ходимга нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

С.Раимбекова
Беруний туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси,
3-даражали юрист.