Янгиликлар
04
“Street law” лойиҳасининг бу галги мавзуси - хотин-қизлар ҳуқуқлари
“Street law” лойиҳасининг бу галги мавзуси - хотин-қизлар ҳуқуқлари
Бугун хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг оилада, жамиятда, мамлакатдағи ўрни ва обрўсини таъминлаш мақсадида бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Қонунчиликда аёлларга берилган имтиёзларни тушунтириш мақсадида бугун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва “Ёш ҳуқуқшунослар” тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан Нукус шаҳридаги йирик савдо ўринларида “Street law” лойиҳаси ўтказилди.
Жамиятимизда хотин-қизларга яратилган шароитлар, амалга оширилаётган ислоҳатларга қарамасдан, бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликга учраётган аёлларнинг бор эканлиги ҳаммани ташвишга солади.
Шу ўринда таҳлилларга назар солсак. 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида тазйиқ ва зўравонликга учраб мурожаат қилган 1245 нафар хотин-қизларга Ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордерлари берилган.
Хўш бу зўравонликлар қаерда ва ким томонидан амалга оширилмоқда?
Тазйиқ ва зўравонликларнинг 1179 таси оилада, 44 таси кўчада, 8 таси жамоат жойида ва 14таси иш жойида содир этилган. Ҳимоя ордерининг 1080 таси эри томонидан хотинига, 4 таси келини томонидан қайнонасига, 13 таси қайнона томонидан келинига, 148 таси бошқаларга тўғри келади.
Аёлларнинг 536 таси жисмоний, 2 таси жинсий, 8 таси иқтисодий, 646 таси рухий зўравонликдан жабр кўрган ва уларга 53 та ҳолатда тазйиққа учраган.
Ҳимоя ордерларини беришда эса, 1191 та ҳолатда жабрланувчиларнинг аризалари, 26 ҳолатда жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарлари, 16 та ҳолатда тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, 12 холатда давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар асос бўлган.
Хабарингиз бор, 2020 йил 5 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.
2020 йилда берилган ҳимоя ордери билан биргаликда 63 шахс маъмурий ва 1 шахс жиноий жавобгарликга тортилган.
Бу статистик кўрсаткичлар мунтазам ва манзилли равишда тарғибот тадбирларини амалга ошириш керак эканлигидан далолат беради.
Хотин-қизларга кўрсатиладиган зўравонлик ёки тазйиқлар нафақат аёлнинг ўзига, балки у яшаётган оила муҳитига, болалар тарбиясига, маҳалла ва бутун жамиятга катта зарар етказади.
Унутманг, Сизнинг ҳуқуқингиз қонун билан ҳимояланган ва у давлат томонидан кафолатланади.
Бугунги лойиҳа доирасида эса, қонунчиликда аёлларга берилган имтиёзлар, соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари бўйича маълумотлар берилиб, мавзуга оид тайёрланган буклет, флаерлар тарқатилди.