Янгиликлар
22
Амударё туман адлия бўлимининг 2020 йил сарҳисоби
Ўтган 2020 йил қанчалик қийин келганига қарамай, халқимиз, ҳукуматимиз бу синовларни оғир йўқотишлар билан бўлсада мардонавор енгиб ўтди. Барча идора ва ташкилотлар сингари Амударё туман адлия бўлими ҳам падемия шароитида ишлашни ва яшашни ўрганди. Масофадан туриб тарғибот тадбирларни ўтказиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлим фаолиятида янгилик бўлди. Шуларга қарамай туман адлия бўлими йил давомида муайян ишларни амалга оширди.
Жумладан, бўлимга 2020 йил давомида жами 200 та ариза ва шикоят келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 170 тасини ариза, 30 тасини шикоят ташкил қилиб, келиб тушган мурожаатларнинг 191 таси ҳал қилинди. Шулардан қаноатлантирилган ариза ва шикоятлар 117 тани, ҳуқуқий тушунтириш берилганлари 74 тани ташкил қилди. Айрим мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича юборилиб, айримлари кўрмасдан қолдирилди.
2020 йил мобайнида бўлим ходимларининг бевосита шахсий қабулида жами 193 нафар фуқаро қабул қилинди, 19 нафар фуқаро сайёр қабулларда мурожаат қилди.
Бўлим томонидан норма ижодкорлиги соҳасида 2020 йил давомида турли соҳаларга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 30 та таклиф берилди. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2 та ва туман ҳокимининг 7 та қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Бўлим томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам 2020 йил давомида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, бўлим томонидан жами 29 нафар фуқаронинг манфаатида фуқаролик ва маъмурий судларга жами 30 та ариза киритилиб, шундан 25 таси қаноатлантирилди.
Киритилган даъво аризалар натижасида фуқароларнинг пенсия, иш ҳақи, мансабдор шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатини бартараф қилиш билан боғлиқ, фарзандига туғилиш гувохномаси олиш каби масалалари қонуний ҳал қилинди ва ушбу даъво аризалар натижасида фуқаролар фойдасига жами 69.387.000 сўмлик моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан 2020 йил давомида жами 84 та идора ва ташкилотларда 75 та ўрганиш ва 61 та мониторинглар ўтказилди. Шундан 3 та ўрганиш ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётига, 63 таси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига, 3 таси юридик хизмат фаолиятига ва 6 таси норма ижодкорлиги соҳасига оид бўлди. Ўрганишларнинг 60 таси мурожаатлар асосида ўтказилди. Эътиборлиси ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида жами 7740 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Ўрганиш давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича идора ва ташкилотларга жами 97 та тақдимномалар киритилди. Киритилган тақдимномаларга асосан 5 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди,
1 нафар мансабдор шахснинг қонунга хилоф ҳаракати ва 19 та ғайриқонуний ҳужжат ижроси тўхтатилди, яна 10 та ҳужжат бекор қилинди. Тақдимномалар асосида фуқароларнинг 1.183.679.000 сўм пул маблағлари тўлаб берилди.
Идора ва ташкилот раҳбарларининг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилишда йўл қўйган қонунбузилиш ҳолатлари сабабли бўлим томонидан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 2020 йилда 9 та таклиф берилди. Шундан тўғридан тўғри расмийлаштирилган баённомалар 5 тани ташкил қилиб, 4 нафар мансабдор шахс юзасидан тегишли идораларга таклиф берилди. Натижада 9 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онгги ва маданиятини ошириш юзасидан ҳам бўлим томонидан 2020 йил давомида салмоқли ишлар амалга оширилди. Айниқса, бу соҳада оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик натижали бўлди. Хусусан, 2020 йилда бўлим ходимлари томонидан ОАВ да 322 та чиқишлар қилинди, оғзаки ҳуқуқий тарғибот 480 тани, кўргазмали тарғибот 40 тани ташкил қилди.
Шуни ҳам ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш керакки бўлимнинг тарғибот тадбирлари бу йилги пандемия шароитини ҳисобга олиб, ижтимоий масофага ва карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилди.
Бўлимнинг қонун ҳужжатларини давлат органлари ва ташкилотларга етказиш борасидаги ишлар хусусида тўхталадиган бўлсак, бўлим томонидан 2020 йил давомида тумандаги 43 та давлат органлари ва ташкилотларига 1450 та қонун ва қонун ости актлари етказилди. Шундан 63 тасини Қонун, 471 тасини Президент Фармон ва қарорлари, 608 тасини Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 276 тасини вазирлик ва идораларнинг буйруқ ва йўриқномалари ташкил қилди.
Хулоса ўрнида мен Амударё туман Адлия бўлими ходимлари ўз фаолияти давомида амалга оширган ҳар бир иш орқасида инсон ва жамият манфаатлари турганлигини чуқур англаган ҳолда хизмат вазифасини амалга оширишини таъкидлаб ўтмоқчиман. Зеро айнан шу мезон бўлим ходимларининг ўз хизмат вазифасига ҳалол, виждонан ва адолат нуқтаи назаридан ёндошишга сабаб бўлади.
Амударё туман
адлия бўлими бошлиғи
М.Матюсупов