Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат этиш тартиби ҳамда мурожаатлар билан ишлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардормисиз?


Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат этиш тартиби ҳамда мурожаатлар билан ишлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардормисиз?

Барчамизга маълумки, Республикасмизда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат этиш  борасида Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-445-сонли «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига асосан янги таҳрирда қабул қилинди.
Мазкур Қонуннинг асосий мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари  соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом»,  Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги 7-сон қарори билан тасдиқланган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом»лар билан тартибга солинган.
Асосий Қонунга мувофиқ, Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахси томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида, ташкилотларда махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгиланади.
Давлат органларининг раҳбарлари ёки бу борада ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши мумкин.
Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.
Қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби уларни давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.
Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар, зарур бўлган ҳолларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ўтказилиши мумкин. Оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.
Агар қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириши керак.
Шахсий қабул давомида давлат органи, ташкилот раҳбарининг қарорига кўра ва мурожаат этувчига бу ҳақда хабар берган ҳолда махсус техника воситалари (аудио- ва видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.
Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак, оммавий қабул вақтида келиб тушган мурожаатлар бундан мустасно.
Оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкин.
Видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони талабларига кўра, 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани муносабати билан ҳамда аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларини эътиборга олиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда ташкил этилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом» талабларига кўра, мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда ариза, таклиф ва шикоят шаклида берилиши мумкин.
Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.
Давлат органларининг, ташкилотларининг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
Давлат органининг, ташкилотининг расмий веб-сайти орқали ёки давлат органининг, ташкилотининг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали (кейинги ўринларда Ҳукумат портали деб аталади) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарори билан тасдиқланган Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисида низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар Қонунда хамда ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.
Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
Мазкур низомга асосан, давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар шу орган, ташкилот томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича зиммасига мажбуриятлар юклатилган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилади.
Давлат органига, ташкилотга келиб тушган мурожаатлар бўйсунув тартибида қуйи турувчи бўлинмаларга ҳам юборилиши мумкин.
Агар мурожаатда давлат органлари,ташкилотларнинг бир нечта таркибий бўлинмаларига тааллуқли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижрочилар этиб белгиланади. Ижрочилар ўртасида биринчи кўрсатилган таркибий бўлинма мурожаатнинг кўриб чиқилишини бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда таъминлайди.
Мурожаатлар билан ишлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Жумладан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 43-моддаси талабларига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик —мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  144-моддасига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳулоса ўрнида айтганда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мурожаат этувчиларнинг қонуний талабларини ҳал этилишига, ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилмоқда.
Тўрткўл тумани адлия бўлими
бош маслаҳатчиси                                               М.С.Нураддинов