Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Шахсий ҳаётига тегишли маълумотлар ҳамда аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишига сабаб бўлувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш жавобгарликка тортишга асос бўлади


Охирги пайтларда айрим оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ва ижтимоий тармоқларда инсонларнинг шахсий ҳаётига тегишли маълумотлар, хабарлар ва шунинг асосида хулосалар тарқатиш учрамоқда.

Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи ташкилот сифатида қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга асосан, ОАВ орқали фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиши шарт.

Қонунчиликка кўра, шахсга доир маълумотларни номуайян доирадаги шахсларга ошкор этиш, уларни ОАВларда маълум қилиш, Интернетга жойлаштириш ёки бошқа бирор-бир усул билан фойдаланиш имконини бериш шахсга доир маълумотларни тарқатиш ҳисобланади.

Шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган ахборотдир.

Шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш маълумот ўзига тааллуқли бўлган шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддасига Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда тарқатганлик фуқароларга баъзавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 3 баравари (669 минг сўм)дан 5 баравари (1 млн 115 минг сўм)гача миқдорда жарима, мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм)дан 10 баравари (2 млн 230 минг сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 1412-моддасига кўра, юқоридаги ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм)гача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;

такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса;

хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса;

оғир оқибатларга сабаб бўлса, БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм)дан 100 баравари (22 млн 300 минг сўм)гача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 461-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм)дан 40 баравари (8 млн 920 минг сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модда билан маъмурий жавобгарликка тортилган шахс яна шундай ҳаракатни амалга оширса, Жиноят кодексининг 1411-моддасига мувофиқ БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм)дан 100 баравари (22 млн 300 минг сўм)гача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шу билан бирга, 2020 йилнинг 26 март куни “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 2445-модда билан тўлдирилди.

  Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:

БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима;

300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек Интернет орқали тарқатиш:

БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима;

300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

3 йилгача озодликни чеклаш;

3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Адлия вазирлиги шахсий дахлсизлик ҳуқуқи Конституция билан ҳимояланишини ва бу ҳуқуқни ҳеч ким поймол эта олмаслигини тушунтиради ва барча ахборот макони иштирокчиларини шу ҳуқуқларни ҳурмат қилишга ва қонунларга риоя этишга чақиради.

Зеро, ҳуқуқий давлат ва озод жамиятнинг негизида шахснинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан энг марказий аҳамиятга эгадир.



Қорақалпоғистон Республикаси

Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси                              Э.Д.Гайипов