Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Энди туман (шаҳар) адлия бўлимлари ер участкаларини беришда тизимли назорат ва мониторингни амалга оширадими?


Энди туман (шаҳар) адлия бўлимлари ер участкаларини беришда тизимли назорат ва мониторингни амалга оширадими?

Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йиллар мобайнида Ҳукуматимиз томонидан ушбу соҳага оид кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мисол тариқасида, 2019 йил 20 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сон қарорини келтиришимиз мумкин. Ушбу қарор билан “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур Низомда, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби белгилаб қўйилди.
Эндиликда туман (шаҳар) адлия бўлимлари давлат хизматлари марказлари, прокуратура органлари ва адлия органлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ушбу Низом талабларига сўзсиз риоя этилиши бўйича тизимли назорат ва мониторингни амалга оширади.
Эътиборли жиҳати шундаки, тизимли назорат ва мониторинг ер участкаси материалларини тайёрлаш жараёнига аралашмасдан, «YERELEKTRON» ААТ орқали амалга оширилади.
«YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими бу — ер участкалари бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш тартиботларини амалга оширишга мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими ҳисобланади.
Адлия ва прокуратура органлари:
ер участкаси материалларини тайёрлашнинг қонунийлигини;
ер участкаси материалларини тайёрлаш жараёнининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини;
ваколатли ташкилотлар (хулоса берадиган орган — Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари; материалларини келишадиган ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари) томонидан келишувни рад этиш ва салбий хулоса беришнинг қонунийлигини;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нотўғри ёки қарама-қарши қўллаш амалиётини;
ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқбузарлик содир этилишига олиб келадиган салбий омилларни, сабаб ва шароитларни бартараф этиш усулларини ўрганади.
Низомда назарда тутилган тартиб бузилиши аниқланган тақдирда, давлат хизматлари марказлари ёки адлия органлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига ёхуд прокуратура органларига бузилиш ҳолатини тасдиқловчи зарур материалларни юборади.
Тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга ҳар жиҳатдан ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири дейишимиз мумкин. Шу ўринда айтишимиз жоизки «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг уланиши, тизимли назорат ва мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилиши тадбиркорлик соҳасидаги  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлашга ва тадбиркорларнинг ер участкасини олиш борасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилинишда ўз самарасини беришига ишонамиз.  

Беруний тумани адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси Л.Ш.Розимова