Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришдаги янги тизимнинг ҳуқуқий асослари


Маълумки, республикамизда 2020 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш билан боғлиқ янги тартиб ўрнатилади. Табиийки, ҳар бир фуқарода аввал кундалик ҳаётимизда учрамаган бу янги тизим афзалликлари ва қулайликлари нимадан иборат деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга жавобни биз “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунидан билиб олишимиз мумкин.
Қонун 2019 йил 13 августда қабул қилинган бўлиб, у 44 та моддадан иборат. Унда Қонуннинг мақсади, принциплари, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, хусусийлаштирилган ер участкасини мулкдордан олиб қўйиш асослари ва тартиби ҳамда шу каби бошқа масалалар содда, халқчил тилда ёритиб берилган.
Қонунга кўра ер участкаларини хусусийлаштириш эндиликда қуйидаги шаклларда амалга ошириладиган бўлди. Яъни доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш ҳамда ер участкаларини электрон онлайн-аукцион (“е- auksion.uz” сайти) орқали сотиб олиш.
Конституциямизнинг 55-моддасида белгилананидек ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Яъни Қонунда ҳар қандай ер участкаси ҳам олди-сотди объекти сифатида тан олинмаслиги белгилаб қўйилган. Қонунга кўра юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари, бўш турган ер участкалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкаларигина хусусийлаштириш объекти бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Қонун хусусийлаштириш субъектлари рўйхатини ҳам аниқ белгилаб берган. Жумладан хусусийлаштириш субъектлари сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар эътироф этилган.
Объектлар ва субъектлар масаласида Қонун қуйидаги чекловларни  қатъий белгилаб ўтган. Яъни қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:
тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;
рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;
табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);
хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.
Шунингдек, чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.
Мазкур Қонун фуқароларимизнинг мулк ҳуқуқи билан боғлиқ ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдаги яна бир имкониятлардан бири деб ҳисобласакда, бироқ мазкур тизимдан фойдаланиш, унинг имкониятларини тўла тасаввур этиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги
63-сон қарорига 1-ИЛОВА “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМ талабларига мурожаат қилишга мажбур эканлигимизни ҳам ўз ўрнида қайд этишимиз зарур.
Сабаби миллий бойлик ҳисобланмиш ер муносабатларини бир ёки икки норматив ҳужжат билан тартибга солиш имкони мавжуд эмас. Қолаверса ҳар қандай Қонуннинг ҳаётий ижросига оид қонун ости акти бўлишини ҳеч ким инкор этмаса керак.
Хулоса қилиб айтганда бир неча йиллар давомида фуқаролик муомаласи объекти сифатида қонунчиликда ўрин эгаллай олмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари эндиликда қонунда белгиланган тартибда сотилиши, ижарага берилиши, гаровга қўйилиши ёки мулк ҳуқуқининг бошақача кўринишида ифодаланиши мумкин. Асосийси бу мулк ҳуқуқимиздан фойдаланишимизда мажбуриятларимизни ҳам унутиб қўймаслигимиз зарур.

Амударё туман
адлия бўлими бошлиғи                    
М.Матюсупов