Янгиликлар
Байрамолди учрашувлари
Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳаллалари, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида маданий-маънавий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 12 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган бундай учрашувларда таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндаларидан иборат тарғибот гуруҳлари иштирок этмоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб ўтган ана шундай қизиқарли учрашувда сўзга чиққанлар истиқлолнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бераётган юксак самаралар хусусида фикр юритди.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳам қизғин мулоқот чоғида мустақиллик юртимизда фуқароларнинг эркин ва озод ҳаёт кечириши учун кенг имкониятлар яратгани ва уни ҳимоя қилиш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчи экани алоҳида қайд этилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этган бундай тадбирлар Беруний, Амударё, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида ҳам бўлиб ўтди.