Янгиликлар
25
МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – БИРДАМЛИК ОМИЛИ
(Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон Фармони мазмун-моҳияти юзасидан)
Маълумотларга кўра, ер юзидаги икки юзга яқин давлатда 7 миллиард 700 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада гаплашадиган аҳоли истиқомат қилмоқда. Жаҳоннинг этник харитасига эътибор берсак, бугунги кунда дунёда миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш орқалигина дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади.
Толерантлик тўғрисидаги замонавий концепция яқиндагина пайдо бўлиб, бу тушунчани шакллантиришда ЮНЕСКО кўп куч-қувват сарфлади.
Жумладан, 1995 йилда ушбу ташкилот томонидан қабул қилинган “Толерантлик тамойиллари декларацияси”да толерантлик фуқаролик жамиятининг қадрияти ва ижтимоий нормаси, дея таърифланди.
Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққийсини мамлакатда истиқомат қиладиган 136 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур эиб бўлмайди.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралдаги ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли
ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар”и 5.1 бандида айни “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар”, деб белгиланган.
Миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Бу борада бугунги кунга қадар бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Охирги уч йилликда давлатимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар
ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5046-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзбекистон республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5876-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 1018-сон қарори ҳамда бошқа да бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши катта аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.
Хусусан, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши муҳим аҳамият
касб этади.
Мазкур Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик
ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юкланади.
Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириши, миллий маданий марказларга амалий ва методик ёрдам кўрсатиши, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаши, миллати, ирқи
ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” тамойилини амалга ошириш чораларини кўриши назарда тутилган.
Фармонда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни,
чет элдаги ҳамюртларимиз ва турдош ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган турдош ташкилотлар билан самимий
ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқалар ўрнатиш ҳамда изчил ривожлантиришга қаратилган ишларни тизимли амалга ошириш вазифалари белгиланган.
Фармонга мувофиқ, ҳудудларда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилиши қайд қилинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзбекистон республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5876-сон Фармони билан миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилиб, Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси, 2019 — 2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия таркиби тасдиқланган.
Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 январга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини, 2020 йил 1 февралга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар
ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш мақсадида мазкур соҳа ҳолатини мониторинг қилиш тизимини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқлаши белгилаб қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, қайд қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари
бўлими бош маслаҳатчиси,
1-даражали юрист И. АЛДАБЕРГЕНОВ