Янгиликлар
Натижалар ва келгуси вазифалар таҳлили
Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилишида жорий йил биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 январдаги мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилиши атрофлича муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқарган йиғилишда ҳудудда иқтисодий ўсишнинг юқори ва барқарор суръатларини таъминлаш, фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини изчил ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Ҳисобот даврида Қорақалпоғистонда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,1, халқ истеъмоли моллари ҳажми 19,5, қурилиш ишлари 10,2, хизматлар кўрсатиш 11,4, савдо ва умумий овқатланиш ҳажми 13,6 фоизга ўсди. Барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 916 миллиард 486 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.
Қорақалпоғиистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2013-2015 йилларга мўлжалланган дастурида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 387,2 миллион АҚШ долларига тенг 3 минг 225 лойиҳани амалга ошириш ва 13 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган. Жорий йилнинг олти ойи давомида 28,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритилиб, 741 лойиҳа амалга оширилди ва 2 минг 718 янги иш ўрни яратилди.
Фаоллар йиғилишида эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли идоралар раҳбарларининг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда аҳоли пунктларининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида турар-жойлар қуриш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. “Обод турмуш йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг Қорақалпоғиистон Республикасида бажарилиши кўриб чиқилди.
Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.