Янгиликлар
Одам савдоси – аср муаммоси
Нукус шаҳрида одам савдосига қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг одам савдосига қарши курашиш бўйича шаҳар ва туманлар идоралараро комиссиялари масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларни турли тажовузлардан, хусусан, одам савдосидан асрашга алоҳида этибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида аҳоли бандлигини таъминлашга эътибор янада кучайтирилмоқда.
Семинарда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасида одам савдоси бўйича 2008 йили 102 жиноят иши юзасидан чора қўлланилган бўлса, аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилганлиги, профилактика тадбирлари натижасида бу кўрсатгич 2012 йилда тўққиздан ошмади.
– Бундай жиноятлар келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири фуқаролар томонидан енгил даромад топиш илинжида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг содир этаётганлигидадир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи Ўмирбой Худойбергенов. – Бундай қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олишда ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг нодавлат ташкилотлар, айниқса, маҳаллалар билан алоқаларини янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.