Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият доим эътиборда


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча вилоятларида “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларнинг услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш” мавзуида туркум семинарлар ўтказилмоқда. Мазкур лойиҳа жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича маърифий учрашувлар ўтказиш мақсадларини назарда тутади. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

1.jpg

Тошкент давлат юридик университетининг муҳташам залида пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона ва ташкилотларнинг маънавий маърифий, шунингдек ҳуқуқий тарғибот соҳасига масъул мутахассислари жамландилар.

Бугунги тезкор замон, глобаллашув жараёнлари ҳар бир фуқародан ижтимоий фаоллик, маънавий юксакликни талаб этмоқда. Шу боис жамият аъзоларини ислоҳотларнинг моҳияти билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги ҳуқуқий тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида зарур маълумотларни етказиш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш кун тартибидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади,- дея қайд этилди тадбир аввалида.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланганидек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши, жамиятнинг маънавий янгиланиши, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишини таъминлайдиган ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этилмоқда. Бу жараёнда эса жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш талаб этилади.

Шу мақсадда 1997 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” миллий дастури қабул қилинди. Дастурда белгилангандек, юксак ҳуқуқий маданият демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг ифодасидир. У жамиятдаги турли хил жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлиги ҳамда хафсизлигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи омилдир.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ишларини марказлашган ҳолда режалаштириш, ягона тизимга солиш, ҳисоботларини эшитиш ва тегишли тавсиялар бериш юзасидан Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тузилгани самарадорликни янада оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда Идоралараро кенгашнинг режаларида аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлашда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгиланиб, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратилмоқда.

1.jpg

Тадбирда давлат бошқаруви органлари масъул ходимларининг бу борадаги фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, жамият аъзоларини ислоҳотларнинг қонуний асослари билан яқиндан таништириш, уларни зарур ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалатиришда замонавий ахборот коммуникация технологиялари, турли интерфаол усуллардан самарали фойдаланиш хусусида мулоҳаза юритилди. Фуқароларни давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган сўнгги ўзгаришлардан хабардор қилиш асносида ижтимоий фикрни янада соғломлаштириш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия орқалигина юксалтириш мумкинлиги ҳаётий мисолларда кўрсатиб ўтилди. Мунозараларда сўзга чиққанлар томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг таъсирчан усулларини амалиётга жорий этиш тўғрисида таклифлар ўртага ташланди.