Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Асосий эътибор – “электрон ҳукумат”га


“Ўзэкспомарказ”да ҳар йили ўтказиб келинаётган дастурий маҳсулотлар кўргазмаси ва мамлакатимиз дастурчилари форуми иш бошлади.

Тадбир Ўзбекистон ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамасининг Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаши ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилди.1.jpg

Еттинчи маротаба ўтказилаётган “Best Soft Uzbekistan – 2013” кўргазмаси ва форумида мамлакатимиз софтвер саноатининг бизнес-ҳамжамиятлар, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, аҳоли кенг қатламлари учун мўлжалланган ютуқлари намойиш этилмоқда.

Ўзбекистонда дастурий маҳсулотлар бозори жадал суръатда ривожланмоқда. Бунга Президентимиз Ислом Каримов томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор, ишлаб чиқарувчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида шаклланган қонунчилик базаси ёрдам бермоқда. Натижада, телекоммуникация инфратузилмаси, мобиль алоқа ва бошқа хай-тек маҳсулотларини ривожлантиришга қаратилган қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Шерматов ва бошқалар шу ҳақда гапирди.

“Best Soft Uzbekistan – 2013” кўргазмаси бунинг ёрқин исботидир. Унинг экспозицияси йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, ўтган йили кўргазмада қарийб 40 миллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари иштирок этиб, ўзининг 80 дан ортиқ ишланмасини намойиш этган бўлса, бу йил 60 га яқин компания қарийб 120 дастурий маҳсулотни тақдим этмоқда. Улар орасида халқаро IT-компаниялар, ишлаб чиқарувчилар ва интеграторлар, контент-ишлаб чиқувчилар, хизмат кўрсатувчи провайдерлар бор.

– Ўзбекистоннинг дастурий маҳсулотлар бозори катта салоҳиятга эга ва у IТ-маконининг хорижий компанияларида катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди “SK c&c” компанияси бош директори Даниель Ким (Жанубий Корея). – Шу сабабли, кўргазмада, биринчи навбатда, Ўзбекистон корхоналари ва ташкилотлари билан янги дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида иштирок этмоқдамиз.

Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий бўлимлари экспозицияси кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Олий ўқув юрти талабалари томонидан яратилган “Мультимедиа амалий дастурлар пакети” курси бўйича масофадан туриб ўқитиш учун мультимедиа ўқув қўлланмаси, электрон таржимон дастурий таъминоти, инглиз тили мобиль навигатори, пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда давоматни рўйхатга ва ҳисобга олиш тизими намойиш этилмоқда. Энг яхши ишланмалар алоҳида стенддан жой олган. Улар орасида янги “Антиспам” дастурий маҳсулоти ҳам бор.

– Кўргазмада 99 фоизгача спам-хабарларни таҳлил этиш ва блокировка қилиш имконини берадиган “Антиспам” ишланмам намойиш этилаётганидан хурсандман, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети магистранти Темур Рафиқов. – Бундай тадбирлар самараси ва ёш дастурчилар кўмагида тадқиқот ўтказиш, тажриба алмашиш ва софтвер соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконига эга бўлмоқдамиз.

Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази вориси бўлган “BePro” дастурчилар марказининг стенди ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Марказ “Doppix” операция тизими, объектларга ташриф буюрувчиларни рўйхатга ва ҳисобга олиш, назорат қилиш учун “BuyurtmaData”, “КаDаТа” ахборот-кутубхона марказларининг дастурий таъминоти, поликлиникалар ва стационарларда бизнес-жараённи автоматлаштириш учун “MedData” дастурий таъминоти каби ишланмаларни бу ерга ташриф буюрганлар эътиборига ҳавола этмоқда.

Мазкур “Best Soft Uzbekistan – 2013” кўргазмаси доирасида давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг янги шакли – ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳисобидан ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти натижалари ҳақида ахборот олиш тезкорлиги ва қулайлигини таъминлайдиган “электрон ҳукумат” тизимини жорий этишга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Буни мамлакатимизда давлат бошқарувининг барча жабҳасига ахборот-коммуникация технологияларини изчил жорий этишга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақозо этмоқда. Айни пайтда давлат ҳокимияти органлари томонидан веб-сайтлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида (www.gov.uz) 400 дан ортиқ интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда.

Кўргазма доирасида Адлия ва Халқ таълими вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ва бошқалар ўзининг интерфаол хизматларини намойиш этаётир.

Давлат органлари томонидан аҳоли ва хусусий секторга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш истиқболлари билан дастурчилар форумида танишиш мумкин. Форумда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасининг етакчи мутахассислари қатнашмоқда.

Уни ўтказишдан кўзланган мақсад “электрон ҳукумат”ни шакллантириш ва такомиллаштириш, дастурий таъминот соҳасини, тармоқни ривожлантиришга оид меъёрий-ҳуқуқий базани, шунингдек, IT-мутахассисларни тайёрлашни институционал қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама этишдан иборат.

Кўргазма ва форум доирасида семинарлар, конференциялар, маҳорат сабоқлари, тажриба алмашиш тадбирлари, давра суҳбатлари, бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтади.

Шунингдек, “Best Soft Uzbekistan – 2013” дастурий маҳсулотлар танловининг турли номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланади.