Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Сайлов жараёнлари такомиллаштирилмоқда


Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистонда сайлов жараёнларини янада демократлаштиришнинг долзарб масалалари мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, сайлов комиссиялари раислари, сиёсий партияларнинг ҳудудий кенгашлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Э.Рўзметов ва бошқалар очиқ ва эркин сайловлар Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим таркибий қисми, фуқароларимизнинг давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли эканини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий сайлов тизимини, бу борадаги тегишли қонунчиликни ривожлантириш ва янада эркинлаштиришда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг сайловларга оид қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, янада такомиллаштирилди.

Бундай янгиликлар, қонунларга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини очиб беришда сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари вакилларининг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда 2012 йил 19 декабрда қабул қилинган “Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, сайлов ва сайловолди жараёнларида демократик тамойилларга қатъий амал қилиш масалалари ҳақида сўз юритилди. Кўрилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.