Янгиликлар
Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги
2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 9 ноябрдаги Ф-4570-сон “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма уч йиллигини нишонлашга тайёргарлик куриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда «Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги»ни ўтказиш белгиланган.
Шу муносабат билан, Нукус шаҳридаги «Бахт уйи»да «Ёшлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши»мавзусида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички Ишлар вазирлиги, «Камолот» ЁИҲ, коллеж ва лицей ўқувчи ёшлари иштирокида тадбир такшил этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг 24 йиллик мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, давлат бошқарувининг энг самарали механизмини жорий этилиши, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби ютуқлар Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунларнинг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди. Президентимиз эътироф этганидек, «Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир». Унинг барча моддалари дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни билан суғорилган.
Конституция мазмуни билан танишар экансиз унинг ҳар бир моддасида “фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга” бўлган интилиш ва мақсадни кўриш мумкин. Ушбу норма шахс, жамият ва давлат учун энг муҳим бўлган қоидани ўзида ифода этиб, мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясини ташкил этишни ҳуқуқий мустаҳкамлади. Фан ва таълим жамиятдаги барча ислоҳот ва ўзгаришларни амалга оширишга қодир шахсни тарбиялашдек муҳим вазифани бажаради. Ушбу норма асосида мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясини ташкил этиш Конституция даражасида ҳуқуқий мустаҳкамланди. Таълимни ташкил этиш бўйича умумжамият аҳамиятга эга бўлган вазифалар ва имкониятлар давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамланди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва сиёсий эътиқодидан қатъи назар, ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш; миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан авлодга ўтиши, авлодларнинг маънавий алоқаси, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамият ривожига, айниқса, ёшлар ҳаётига оид дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши, ҳуқуқ ва бурчларнинг, эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлиги каби тамойилларга асосланади.
Ўтган йиллар давомида Конституция ва кодекслардан ташқари соҳага оид 24 та қонун, Президентнинг 15 та Фармони ва 11 та Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 та қарори, 32 та идоравий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон бевосита ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг иштирокчиси ҳисобланади. Бундан кўринадики, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида-тартибларига асосланади.
Тадбирда мамлакатимиз мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ ёшларнинг, болаларнинг маънавий ва жисмоний баркамоллиги давлатимизнинг бош сиёсатига айланганлиги алоҳида қайд этилди.