Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Адлия вазирлиги Ахборот хизмати


1.jpgЎзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нукус шаҳрида давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари вакиллари ҳамда турли йўналишларда фаолият юритаётган бизнес субъектлари иштирокида тадбиркорлик соҳасидаги имтиёз ва имкониятларни амалиётда қўллаш масалаларига бағишланган анжуман ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини энг аввало тадбиркорлик субъектларига етказиш билан бир қаторда ушбу Фармоннинг иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги аҳамияти тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор этишдан иборат бўлди.

Мазкур фармон билан хусусий секторни ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича амалга ошириладиган 33 та аниқ чора тадбирлар белгиланди.

Семинар қатнашчилари эътиборига уларнинг мақсад ва вазифалари хусусида маълумот ҳавола этилди.

Хусусан, биринчи йўналишда – тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш кўзда тутилаяпти.

Иккинчи йўналишда – хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, соҳа фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш мақсадга мувофиқлиги белгиланди.

Учинчи йўналиш эса барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштиришни назарда тутади. Яъни туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш ва 2016 йил 1 январдан уларнинг иш бошлашини таъминлаш белгиланди. Эндиликда, тадбиркор ўзи учун керакли давлат хизматларини айнан шу марказлар ор­қа­ли олади.

Тўртинчи йўналишда эса, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг моддий кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини яхшилашга доир тадбирлар ўз ифодасини топган.

Ўз навбатида тадбир иштирокчиларига Фармон талабларидан келиб чиқиб, адлия органлари олдидаги муҳим вазифа ва йўналишлар хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди. Хусусан, адлия органларига “бир дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилгани, қолаверса, ушбу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар тайёрлаш муҳим йўналиш этиб белгилангани қайд этилди.

Тадбирда шунингдек, хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг роли ва аҳамиятини ошириш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар тўғрисида ҳам сўз юритилди.

1.jpgФармоннинг энг муҳим жиҳатлари сифатида жорий йил 1 июлидан бошлаб молия хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кундан ошмаслиги, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори билан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилгани қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг таклифлари асосида келгусида бу борада қилиниши лозим бўлган аниқ вазифалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар ҳамкорлигида бундай учрашув ва семинарлар Қорақалпоғистоннинг Хўжайли ва Беруний туманларида ҳам ўтказилди.