Янгиликлар
Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг ягона режасига асосан ўтказилган тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимларига Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Анжуманда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш борасида тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имконият ва қулайликлар, бу борадаги қонунчилик асослари, уларни ижросини таъминлаш юзасидан изчил амалга оширилаётган тадбирлар хусусидаги таҳлилий маълумотлар қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва у бозор ислоҳотлари талабидан келиб чиқиб янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 15 май куни қабул қилган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган.
Фармонга мувофиқ тўртта асосий йўналиш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ўттиз учта аниқ чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди.
Шу ўринда анжуманда иштирокчиларнинг эътибори Президентимиз томонидан айни шу йўналишда бундан аввалги йилларда қабул қилинган фармонлар, қарорлар, шунингдек ҳукумат қарорларининг ижроси бўйича амалга оширилган тадбирлар самарасига оид далил ва рақамларга қаратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари нафақат давлат рўйхатидан ўтиш учун, балки рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳам интернет тармоғи орқали мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми 2014 йил 1 январдан жорий этилган. Ўтган 2014 йил давомида тадбиркорлик субъектларидан интернет орқали адлия органларига ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияларига жами 10127 та ва жорий йилнинг 1-чораги давомида эса 9021 та мурожаатлари келиб тушган.
Мазкур рақамларга эътибор берадиган бўлсак, ўтган 2014 йилда келиб тушган мурожаатларнинг 89 фоизи шу йилнинг 3 ойига тўғри келмоқда. Бу эса интернет тармоғи орқали мурожаат этаётган фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда қулайлик ва имкониятлар кенгаяётганлигининг тасдиғидир.
Анжуман қатнашчиларига янги фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган хусусий мулк ҳамда хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчиликни либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш юзасидан адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг кўлами, йўналишлари хусусида маълумот берилди.
Учрашувда мутахассислар журналистларни қизиқтирган, муҳокама этилган мавзуга оид барча масалалар бўйича ахборот бердилар. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини, унинг ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятни кенг жамоатчиликка етказишда Адлия вазирлигининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.