Янгиликлар
Фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Шу кунларда Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратура томонидан манфаатдор идоралар ҳамкорлигида “Фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сервис хизматлари кўрсатиш ва экспорт қилиш масалалари” мавзусида Республика ҳудудий семинарлари ташкил этилмоқда.
Семинарларда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аграр тармоқни ислоҳ қилиш, фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, солиқ кодексига тегишли ўзгартириш киритилиб, даврий тўлов муддатлари оптималлаштирилди. Юқори ҳосилдорликка эришга фермерларни моддий рағбатлантиришга қаратилган қатор имтиёзлар жорий этилди. Фермерлар манфаатида судларга киритиладиган даъволар бўйича давлат божларини тўлашдан озод қилинди. Шунингдек, фермерларнинг ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлашда тегишли кенгаш ҳуқуқшуносларининг имзоларини талаб этиш механизми йўлга қўйилди.
Фермерларнинг ҳақиқий ер эгаси сифатида иш олиб боришига қаратилган муҳим янгиликлардан бири шундаки, бундай хўжаликларга ер участкалари берилиши масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиялари таркибига фермерлар кенгаши раиси ҳам киритилди. Адлия органлари томонидан уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда, шартномаларни тузишда ҳуқуқий кўмакчи бўлмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам демократик ислоҳотлар жараёнида фермерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларда кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳаражатларини камайтириш, қайта ишлаш, маҳсулотни экспорт қилиш тартиблари, божхона расмийлаштируви, солиқ имтиёзлари ва банк муносабатларига оид янгиликларни қишлоқ мулкдорлари эътиборига етказишдан иборат бўлди.
Семинарларда Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатининг ривожланиши: миллий ва хорижий тажриба” номли китобнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу китоб фермерларимизни мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида яқиндан хабардор қилиш, уларга қабул қилинган қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг аграр соҳадаги ижобий тажрибасини етказиш мақсадида тайёрланган. Унда хорижий мамлакатлар иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги кооперацияларининг ўрни ҳамда ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси кенг ёритилган.