Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Оролбўйи фаоллари йиғилиши


Қорақалпоғистон Республикаси фаолларининг 2012 йил якунлари ҳамда 2013 йилда Оролбўйи иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқарди.

Йиғилишда жорий йил 18 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

2012 йили Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва ижтимоий дастурларни амалга ошириш бўйича бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 12,7 фоизга, саноат маҳсулотлари 8,7, халқ истеъмоли товарлари 10,6, қурилиш ишлари ҳажми 19,5, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 13,2, савдо ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 12,7 фоизга ўсди.

Иқтисодиётни ривожлантиришда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ўтган йили Устюрт Сурғил кони негизида газ-кимё мажмуаси қурилиши бошланди. Бу йирик корхона ишга туширилгач, йилига 400 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 5 минг янги иш ўрни яратилади.

Ўтган йили ишлаб чиқаришни ривожлантириш, корхоналарни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, чангютгич ишлаб чиқарадиган “Нукус Самсунг”, терини қайта ишловчи “Орент технолоджи”, пиллани қайта ишловчи “Азия силк” корхоналари ишга туширилди. Олтита йирик енгил саноат корхоналарида 65,5 миллион АҚШ долларилик модернизация ишлари амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2012 йили 1 триллион 145 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Экспортга йўналтирилган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларни ташқи бозорга олиб чиқиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар самарасида Қорақалпоғистонда экспорт ҳажми 11,8 миллион долларга етди. Бу борада белгиланган режа 118,8 фоизга бажарилди.

Бандлик дастурига асосан 48 минг 722 янги иш ўрни яратилди.

Ўтган Мустаҳкам оила йилида ёш оилаларга эътибор янада кучайди. Бу борада қўшимча ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, улар ижросини таъминлаш учун 237 миллиард сўм ва 1 миллион 473 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

Овулларда намунавий лойиҳалар асосида турар жойлар қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ўтган йили 400 янги замонавий уй, шунингдек, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, зарур ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 18 массивда 550 янги турар жой қуриш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.