Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
2014 йил 21 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ҳамда 2014 йилнинг 17 январида республика Ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни модернизациялаш, мамлакатни ривожлантиришнинг белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларига, шу жумладан, ишлаб чиқариш, инвестициялар, экспорт ҳамда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш дастурларининг прогноз параметрларига эришишни таъминлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини, ҳаёти даражаси сифатини узлуксиз ошириш ишларининг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.
Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва модернизациялашнинг қабул қилинган стратегиясининг тизимли ва изчил амалга оширилиши туфайли жаҳон иқтисодиёти ривожланишида жиддий таҳдидлар ва сустлашиш мавжуд эканлигига қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий мутаносиблик ва иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг 9 ойида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,8 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми – 18,9 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.
Саноат тармоқларини жадал ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ва ички талабни мутаносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг – 11,3 фоизга, чакана товар айланмасининг – 14,2 фоизга ва пуллик хизматларнинг – 11,1 фоизга ўсишини таъминлади. Хизматлар соҳаси миллий иқтисодиёт ўсишининг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.
Жорий йилда сув кам бўлган шароитларда деҳқонларнинг омилкорлиги ва фидокорона меҳнати, суғориш сувидан оқилона фойдаланишни таъминлаш туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва қишлоқ аҳоли пунктлари қиёфасини тубдан яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар қишлоқдаги сифат ўзгаришларини таъминламоқда. Уй-жой қуришнинг янги қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар бўйича 10830 та якка тартибдаги уй фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилда қабул қилинган фармони ва қарори талабларини амалга оширишга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кичик бизнеснинг 20,2 мингта янги субъектини ташкил этишга кўмаклашди. Кичик бизнес улуши саноатда 2013 йилнинг 9 ойидаги 27,9 фоиздан жорий йилда 31,1 фоизгача, ўзлаштирилган инвестициялар – 32,2 фоиздан 33,2 фоизгача ва бандликда 76 фоиздан 76,5 фоизгача ўсди.
Кичик бизнес субъектларига 224 та давлат активлари сотилди, 23 мингта фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ижарага берилди. Тижорат банклари томонидан умумий суммаси 7,3 триллион сўм ёки 2013 йилнинг 9 ойидагига қараганда 1,3 баравар кўп кредитлар ва микрокредитлар берилди. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 99 фоизи солиқ ҳисоботларини, 94,7 фоизи статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширмоқдалар. Юк божхона декларацияларининг 98 фоизидан ортиғи электрон усулда расмийлаштирилмоқда.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш масалалари республика Ҳукуматининг доимий диққат-эътиборида, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорлари 1,12 баравар оширилди.
"Соғлом бола йили" Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, таълим сифатини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Ушбу тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 4,2 триллион сўм ва 200 миллион доллар йўналтирилди.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига иқтисодиётни ва унинг тармоқларини, республика ҳудудларини ривожлантиришнинг 2014 йил учун белгиланган прогноз параметрларига эришишни сўзсиз таъминлашни, шунингдек, кейинги йилларда ўсишнинг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолишни назарда тутган ҳолда ўсишнинг барча мавжуд манбаларини сафарбар қилиш, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши йўлида тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларининг алоҳида эътибори буюртмалар портфелини ўз вақтида шакллантириш, энг аввало VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ярмаркалари ўтказилиши давомида 2015 йилги ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари учун хомашё ва материаллар харид қилиш юзасидан шартномалар тузилиши зарурлигига қаратилди.
Мажлисда муҳим устувор вазифа сифатида Инвестиция дастури бажарилишини ва 2014 йилда назарда тутилган ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш юзасидан фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар 10,7 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш – 22,3 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги алоҳида таъкидланди. 2715 та янги ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди, юқори технологик ва замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича 105 та муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тугалланди.
Жумладан, 700 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, ишлаб чиқаришни 716 минг тоннагача кўпайтирган ҳолда “Фосфорит хомашёсини бойитиш бўйича мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш”, Хоразм вилоятида 80 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Енгил автомобилларнинг “Дамас” ва “Орландо” моделларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” сингари лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича қарийб 720 миллиард сўм ўзлаштирилди.
Ушбу масалани муҳокама қилишда айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги йўл қўйилган камчиликлар ва қолоқлик учун бир қанча хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарлари фаолияти танқид қилинди. Улар олдига камчиликларни бартараф этиш ва қолоқликнинг ўрнини тўлдириш, амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича объектларни ўз вақтида фойдаланишга топширишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Мажлисда иқтисодиётдаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати, шунингдек, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги батафсил таҳлил қилинди. 141 та зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”ни амалга ошириш натижасида жорий йилнинг 9 ойида 119 та корхона зарар кўриб ишлашдан чиқарилди.
Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича республика комиссиясига Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда айрим тармоқларда ва йирик корхоналарда муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни тубдан қисқартиришга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.
Мажлисда маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини ошириш, экспортнинг 2014 йилда назарда тутилган прогноз параметрларига эришишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга эътибор қаратилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – экспорт қилувчилар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ташқи бозорларда улар маҳсулотларининг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли маҳаллий экспорт маҳсулотларининг асосий турларига нархлар нохуш ўзгариб турганлигига қарамай, жорий йилнинг ўтган 9 ойида ташқи савдо айланмасининг салмоқли ижобий сальдоси тенденцияларини сақлаб қолиш таъминланди.
Йил бошидан бошлаб экспорт ҳажми 332 миллион долларлик 322 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 172,2 миллион долларлик товарларнинг 143 та янги турларини экспорт қилиш ўзлаштирилди. Ушбу даврда ўзбек экспорт қилувчилари ўз маҳсулотларини илк бор 51 та давлатга етказдилар.
Хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги раҳбарларининг эътибори экспортга етказиб берилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтиришнинг мавжуд захираларини аниқлаш ва сафарбар этиш ишларини кучайтириш зарурлигига қаратилди.
Иқтисодиёт вазирлигига, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига манфаатдор хўжалик бирлашмалари билан биргаликда республикага замонавий бўлмаган, маънавий эскирган ва истиқболсиз асбоб-ускуналар келтирилишига йўл қўймаслик, шунингдек, импорт бўйича олиб келинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини тубдан ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва киритиш топширилди.
Аҳоли бандлигини ошириш масалалари мажлис қатнашчиларининг диққат-эътибори марказида бўлди. 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тизимли амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 777,8 мингта янги иш ўринлари, шу жумладан, 465 мингтаси ёки 59,8 фоизини қишлоқ жойларда ташкил этиш таъминланганлиги қайд этилди.
Муҳокама давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ишларини ташкил этишдаги йўл қўйилган камчиликлар учун республиканинг бир қанча туманлари ҳокимлари фаолияти қаттиқ танқид қилинди. Улар олдига камчиликларни бартараф этиш ва касб-ҳунар коллежларининг барча битирувчиларини ишга жойлаштириш учун янги доимий иш ўринларини қўшимча равишда ташкил этишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, тижорат банклари, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларига янги иш ўринлари ташкил этишнинг 2014 йил учун белгиланган параметрларини бажариш ҳамда жорий йилда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўлиқ ишга жойлаштиришни таъминлаш учун амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Тегишли вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатининг доимий мониторинги ва таҳлилини таъминлаш зарурлигига, шунингдек, улар учун мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан Андижон вилояти фермерлари ва аҳолиси билан учрашувлар чоғида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ муносиб ҳаёт шароитлари яратилишига қаратилди.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарларининг иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектларини ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини куз-қиш даврига тайёрлаш ишларини, шунингдек, бўлажак куз-қиш даврига мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка ғамлашни тугаллаш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.
Ушбу масалани муҳокама қилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти, шунингдек, бир қанча вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг эътибори иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва турар-жой фондининг 2014-2015 йиллар куз-қиш даврига тайёрлиги ва барқарор фаолият кўрсатиши, шу жумладан, газ-транспорт ва энергия билан таъминлайдиган объектлар барқарор ишлашини, табиий газ, кўмир ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш учун шахсан масъул эканликларига қаратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турларини ва картошкани зарур ҳажмларда ғамлашни тугаллашни жадаллаштириш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка нархининг ички бозорда кескин ўсиб кетишига йўл қўймасликни назарда тутган, талаб ва нархлар конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда уларнинг захиралари аҳолига сотиш учун савдога тизимли қўйилишини таъминлаш топширилди.
Мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликларининг раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Уларда 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш ва келгусида республика иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун ишончли кафолатлар яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.