Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари қандай аниқланади?

А.ХангелдиевТўрткўл тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови туғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 35-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси ўзига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг баённомалари асосида республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ва варақаларини олган сайловчилар сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини; ҳар бир номзод учун берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлгандан кегин сайлов натижалари аникланиши кўрсатилган.

Савол: Такрорий сайлов деганимиз нима?

Б.АллаяровТўрткўл тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конунининг 38-моддасида такрорий сайлов тўғрисида кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди. Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган аввалги сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Такрорий сайлов асосий сайлов ўтказилганидан кейин қирқ кун ичида ўтказилади.

Савол: Такрорий овоз бериш вақти ким томонидан тайинланади?

М.Юсупов, Тўрткўл туманидан

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 37-моддасига асосан такрорий овоз бериш кунини Марказий сайлов комиссияси сайлов ўтказилган кундан эътиборан бир ой ичида, лекин сайлов ўтказилган кундан камида ўн беш кун кейин ўтказиладиган қилиб тайинлайди. Такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.

Такрорий овоз беришда унда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

Савол: Марказий сайлов комиссияси қарорлари кимлар учун мажбурий?

М.Абдуллаев, Тўрткўл тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 10-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар округ ва участка сайлов комиссиялари ҳамда референдумни ўтказиш комиссиялари учун, давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир.

Савол: Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қайси органга шикоят этиш мумкун?

Р.СейтимбетовЭлликқалъа тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 12-моддасига асосан Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят бериш мумкин. Шикоят тушган пайтдан эътиборан уч кун ичида, агар сайлов ёки референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса — дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Саволларга Тўрткўл тумани 2-сон ДНИ нотариуси котиби Е.Утепов жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш