Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишида фуқаролар овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловдан неча кун олдин хабордар қилиниши лозим?

Н.Денишев, Тўрткўл тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 30-моддасига асосан овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Савол: Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш тартиби ҳақида айтиб беринг?

О.Агабердиева, Тўрткўл тумани

Жавоб: Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш тартиби «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 33-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка комиссиясининг барча аъзолари ҳозирлигида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади.

Сайлов қутилари участка сайлов комиссияси томонидан комиссия раиси овоз бериш тугаганлигини эълон қилганидан кейин комиссиянинг барча аъзолари ҳозирлигида очилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва баённомада акс эттирилади.

Баённома комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тегишли округ сайлов комиссиясига юборилади.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари қандай аниқланади?

С.БердиевТўрткўл тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 35-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси ўзига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг баённомалари асосида республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ва варақаларини олган сайловчилар сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини; ҳар бир номзод учун берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлагандан кейин сайлов натижалари аниқланади.

Савол: Марказий сайлов комиссиясини тузиш тартиби тўғрисида айтиб беринг?

И.Қурбанов, Тўрткўл туманидан

Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 3-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси бўйича комиссия мажлисида сайланади.

Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланадилар.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловда ғолиб бўлган номзоднинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тартиби қанақа?

Б.МеретовЭлликкалъа тумани

Жавоб: «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 39-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунга қадар бажаради.

Саволларга Тўрткўл тумани 1-сон ДНИ нотариуси А.Атажанов жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш