Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби?

А. АйтжановНукус шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Сайлови тўғрисидаги Қонунининг 242-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига биттадан номзод кўрсатиши мумкин.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади.

Сиёсий партиянинг раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари. Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Сиёсий партия ўзининг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилганидан кейингина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчилар имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.

Сайловчилар фақат битта номзодни қўллаб-қувватлаб, бир мартагина имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйган санани кўрсатади.

Имзо варақасини имзо тўплаган шахс ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини кўрсатган ҳолда, шунингдек тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари тасдиқлайди.

Сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни пора эвазига ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этади.

Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига ваколатли вакилига белгиланган тартибда маълум қилади.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугашига етти кун қолганида тўхтатади.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

А. АлланазаровНукус шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Сайлови тўғрисидаги Қонунининг 25-моддасига асосанМарказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхати ушбу Қонуннинг 242-моддасида белгиланган ҳужжатлар асосида рўйхатга олади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинган шахсга ушбу Қонунга мувофиқ рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддат ичида Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини, иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

Қуйидагилар:

қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;

ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Савол: Сайлов бюллетени ҳақида маълумот берсангиз?

Б. ХамидуллаевНукус шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги Қонунининг 27-моддасига асосанЎзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайлов бюллетенига фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Марказий сайлов комиссиясининг фармойишига биноан сайлов бюллетенлари сайловга камида йигирма кун қолганида давлат тилида нашр этилади. Округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов бюллетенлари сайлов округининг кўпчилик аҳолиси сўзлашадиган тилларда ҳам нашр этилиши мумкин.

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини сайловга камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан оладилар. Берилган ва олинган сайлов бюллетенларининг сонини тегишли округ ва участка сайлов комиссияларининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатларига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Комиссия томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.

Савол:Сайловолди ташвиқоти деганда нимани тушунамиз?

Р. АтажановНукус шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Сайлови тўғрисидаги Қонунининг 28-моддасига асосанСайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

Сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Савол: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқларининг кафолатлари қонунда қандай белгиланган?

М.Абдуллаева, Нукус шаҳар

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Сайлови тўғрисидаги Қонунининг 285-моддасига асосанЎзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинганларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуқларга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод рўйхатга олинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бунга розилик берган тақдирда Марказий сайлов комиссиясини дарҳол хабардор этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни мажбурий келтириш, шунингдек унинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жой ва хизмат биноларини кўрикдан ўтказишга йўл қўйилмайди.

Савол:Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари ҳақида айтиб берсангиз?

Ж.ТайымбетовНукус шаҳар,

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Сайлови тўғрисидаги Қонунининг 29-моддасига асосанЎзбекистон Республикаси Президентлигига номзод 15 нафарга қадар ишончли вакилларга эга бўлишга ҳақлидир. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам берадилар, уни Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлаш учун тарғибот олиб борадилар. Давлат ва жамоат ташкилотлари сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг тақдимномасига кўра ишончли вакилларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олади. Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради.

Саволларга Нукус шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси Ж.Эрбоев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш