Гербли гувоҳномаларнинг сарфланишини ҳисобга олиш тартиби ҳақида айтиб берсангиз?

Р.Насыров, Нукус шаҳри,

Жавоб: ФҲДЁ бўлимлари томонидан қабул қилиб олинган гувоҳнома бланклари гувоҳномаларни кирим қилиш дафтарига гувоҳнамаларнинг тури, серияси, рақами, сони ва қабул қилинган санаси кўрсатилган ҳолда кирим қилинади. ФҲДЁ органларида гувоҳнамаларни сарфлаш дафтарлари гувоҳнамаларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида юритилади.

Гербли гувоҳнамаларни ҳисобга олиш дафтарлари тикилиб ,рақамланиб, адлия бошқармаси бошлиғининг ФҲДЁ органларига раҳбарлик қилувчи муовинлари томонидан имзоланиб санаси кўрсатилган ҳолда мухрланиши шарт.

Ўтган йилнинг йиллик ҳисоботидан ортиб қолган гербли гувоҳномалар сарфи сарфлаш дафтарида жорий йилнинг 1 январидан 1-тартиб рақамидан бошлаб олиб борилади. Гувоҳнома бланклари темир жавонларда сақланади ва ишдан ташқари вақтларда муҳрланади.

Савол: Фарзандликка олишнинг сир асрорлари қандай?

Б.Розымбетов, Нукус шаҳри

Жавоб: Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларни қайд этиш дафтаридаги ва бошқа хужжатлардаги фарзандликка олинганларнинг ота-онаси эмаслигини билдирувчи мазмундаги ёзувлар билан таништириш, бу ёзувлардан кўчирмалар ва бошқа маьлумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз бериш тақиқланади. Фарзандликка олиш сирини ошкор қилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 125-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Савол: Ҳужжатларни легаллаштирилган ҳолда тақдим этиш қандай?

Р.Атажанов, Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органларида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд эттирган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва бекор қилиш умумий асосларда амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органларида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд эттирган чет эл фуқароси бошқа давлатда яшаётган бўлса, бу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасасига мурожаат қилиши мумкин.

Суд ёки ФҲДЁ органи ва бошқа органлар чет эл оила ҳуқуқининг нормаларини қўллашда мазкур нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет эл давлатида расмий шархланиши ва амалиётда қўлланилишига мувофиқ тарзда аниқлайди.

Суд, ФҲДЁ органлари ва бошка органлар чет эл оила ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш мақсадида ёрдам ва тушунтиришлар олиш учун белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ваколатли органларга мурожаат қилишлари ёхуд экспертларни жалб этишлари мумкин.

Манфаатдор шахслар талаб ёки эьтирозларини тасдиқлаш учун ўзлари асосланаётган чет эл оила ҳуқуқи нормаларининг мазмунини аниқлаш мақсадида судга, ФҲДЁ органларига бошқа тарзда ёрдам беришга ҳақлидир.

Агар амалга оширилган чораларга қарамай, чет эл оила ҳуқуқи нормаларининг мазмуни аниқланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг қонун хўжжатлари қўлланилади.

Савол: Суд қарорига асосан никоҳдан ажратганлик тўғрисидаги гувоҳнамани бериш тартиби қандай?

М.Абдуллаев, Нукус шаҳри

Жавоб: Эр-хотиннинг вояга етмаган фарзандлари бўлса ёки уларнинг ўзаро мулкий низолари бўлса, никоҳдан ажралиш учун фуқаролик судларига мурожаат этилади. Никоҳдан ажралиш туғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даьво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Никоҳдан ажралиш туғрисидаги ишларни кўришда суд ўз фаолиятини оилани сақлаб қолишга ва оилавий вазиятни соғломлаштиришга қаратади.

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача мухлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинни яраштириш мақсадида улар яшаб турган жойдаги ўзини-ўзи бошқариш органи-маҳалла оқсоқоллари кенгашига, хотин-қизлар қўмиталарига муҳокама қилиш ва яраштириш учун зарур ҳолларда ажрим нусхаларини юбориши мумкин.

Агар суд эр-хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади. Никоҳдан суд тартибида ажратилганда, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб эр-хотинлик муносабатлари тугаган ҳисобланади. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан эр-хотиндан бирининг турар жойидаги ФҲДЁ бўлими томонидан никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилиб, гувоҳнома берилади ва бунда суднинг ҳал қилув қарорида белгиланган миқдорда божи ўндирилади. ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқароларнинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа хужжатига никоҳдан ажралганлик ҳақида белги қуйилади.

Саволларга Республика ФҲДЁ архиви архивариуси Б.Ергуланов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш