Турмуш ўртоғим биринчи никоҳидан ажралмаган.

Савол:  Яқинда фарзандли бўламиз, унга туғилиш гувоҳномаси олиш мумкинми?

Г.Узакбаева,  Шўманой тумани

Жавоб: Ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган боланинг туғилганлиги оталикни белгилаш ҳақидаги аризага асосан амалга оширилади. Бундай ҳолатда туғилганликни қайд этиш учун ФҲДЕ бўлимига тиббиёт муассасасининг бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси, ота-оналарининг паспортлари ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар тақдим этилади. Боланинг отаси бошқа аёл билан қонуний никоҳда турганлигидан қатьий назар оталик белгиланади. Шу сабабли оталикни белгилашда унинг хотинининг розилиги талаб этилмайди (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 50-банди).

Савол: Оталикни ишончнома орқали белгилаш мумкинми?

А. Холмурадов, Хўжайли тумани

Жавоб: Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 64-бандига асосан, оталикни ишончнома орқали белгилашга йўл қуйилмайди.

Савол: Синглимнинг ўғли туғилганидан сўнг фақат икки кун яшаб вафот этди. Унинг туғилишини қайд этиш тартиби қандай?

Б. СодиковаЧимбой тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 223-моддасига асосан, ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида ўлган болаларнинг туғилганлиги ва ўлими тиббий муассаса жойлашган ердаги ФҲДЁ органида қайд этилади. Ўлим содир бўлганлиги ҳақидаги ариза ўлим содир бўлган куни ёки мурда топилгач, 3 кундан кечиктирмай берилиши зарур. Ўлимни ФҲДЁ органларида қайд этмасдан марҳумни дафн қилиш тақиқланади.

Савол: Эрим суд ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Никоҳдан ажралиш учун фақат ўзим ариза билан ФҲДЁ органига мурожаат этишим мумкинми?

Э.Бекназарова, Қўнғирот тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 219-моддасига асосан, эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишни қайд этиш учун ФҲДЁ органига қуйидагилар тақдим этилади:

Эр (хотин) 3 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан кўчирма, шунингдек судланган эр (хотин)нинг ўртадаги болалари ва мол-мулки юзасидан низоси йўқлиги тўғрисидаги тилхати тақдим этилади.

Савол: Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар тўғрисида маълумот берсангиз?

К.Утебаев,  Шўманой тумани

Жавоб: Никоҳ тузишга:

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 219-моддасига асосан, лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида.

Насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида.

Лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомолага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қуйилмайди.

Саволларга Шўманой тумани ФҲДЁ бўлими инспекториЭ.Ембергенова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш