Меҳнат қилиш ҳуқуқи давлат томонидан қандай кафолатланган?

А.СарыбаевНукус шаҳри

Жавоб: Меҳнат қонунчилигига кўра, меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқароларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи ва мансаб мавқеидан, динга муносабати, эътиқодидан, жамоат бирлашмаларига мансублигидан, шунингдек ходимларнинг ишчанлик жиҳатларига ҳамда улар меҳнатининг натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан қатъи назар, тенг имкониятларни таъминлаш аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати принципларининг бири ҳисобланади.

Қуйидагилар давлат томонидан кафолатланади:

иш билан таъминлаш турини, шу жумладан, турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлиги;

ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимояланиш;

мақбул келадиган иш танлаш ва ишга жойлашишга бепул ёрдам бериш;

ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ тўлашда, хизмат поғонсидан юқори боришда тенг имкониятлар яратиш;

янги касб (мутахассисликка)га бепул ўқитишни, маҳаллий меҳнат органларида ёки уларнинг йўлланмаси билан бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаб малакасини ошириш;

бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда сарф қилинган моддий ҳаражатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлаш;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузиш имконияти, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида билим олган битирувчиларига, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, ногиронларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга, одам савдосидан жабрланганларга қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Иш берувчи иш жойларининг белгиланган энг кам миқдори ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган, кўрсатилган шахсларни ишга қабул қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Савол: Ишга қабул қилишни ғайриқонуний рад этишда қандай жавобгарлик белгиланган?

А.Айтжанов, Нукус шаҳри

Жавоб: Ишга қабул қилишни ғайриқонуний рад этиш (бўш иш жойлари мавжуд бўлган ҳолда фуқарони ишга қабул қилишдан асоссиз (миллати, ирқи, жинси, ёши, ёш боласи борлиги, ҳомиладорлиги ва иш фаолиятига алоқаси бўлмаган бошқа сабаблар билан бош тортиш) меҳнат қонунларини қўпол тарзда бузилиши бўлиб ҳисобланади ва иш берувчининг (унинг тегишли мансабдор шахсларининг) ҳуқуқий жавобгарликка тортилишларига сабаб бўлади (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 49-50-моддалари, Жиноят кодексининг 148-моддаси).

Ишга қабул қилиш қонунга хилоф равишда рад этилган фуқаронинг аризасига кўра иш берувчидан унинг фойдасига моддий ва маънавий зарарни ундириб беради.

Шунингдек, ишга қабул қилиш ғаразли ниятларда (ирқий, жинсий, миллий ёки бошқача тарзда камситиш, товламачилик қилиш ва ҳоказа) қонунга хилоф тарзда рад этилган тақдирда айбдор мансабдор шахс жиноий тартибда таъкиб қилиниши мумкин. (Жиноят кодексининг 156-моддаси: “Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш”).

3. Савол: Агар ходим бошқа жойдаги ишга кўчиб борганда иш берувчи томонидан қандай кафолатлар белгиланган?

Н.Джамбулова, Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 172-моддасига кўра, бошқа жойдаги ишга кўчиб борганда, кўчиш ва мол-мулкни кўчириб бориш билан боғлиқ ҳаражатлар, янги жойда ўрнашиб олиш билан боғлиқ ҳаражатлар, ходим томонидан иш берувчи билан келишиб қилинган бошқа харажатлар тўланиши назарда тутилган.

Ходим бошқа жойда (бошқа маъмурий худуд)га кўчиб борганида (корхонанинг филиали, ваколатхонаси, таркибий бўлими) ходимни ўзи, унинг оила аъзолари, мол-мулкини кўчириб бориш билан боғлиқ харажатлар иш берувчи томонидан унинг маблағлари ҳисобига қоплаб берилади.

Бошқа жойдаги ишга кўчиб борувчи ходимларга Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган миқдорда, яъни ходимнинг ўзига ва оила аъзоларига йўл кира ҳақи (иш берувчи тегишли транспорт воситаси берган ҳоллардан ташқари), мол-мулкни олиб кетиш харажати, йўлга отланган кун ва янги истиқомат жойига ўрнашиш даври учун (бу давр олти кундан ортиб кетмаслиги керак), шунингдек йўлга кетадиган вақт учун бериладиган иш ҳақи тўланади.

Ходимларга бериладиган бир йўла нафақа миқдори меҳнат шартномаси тарафларнинг келишуви билан тўланиши мумкин.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги  

Кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси Ғ.Тлеумуратов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш