Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар бериш жойи ва муддатлари қандай?

Н.Пердебаев,  Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 58-моддасига асосан,мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрларнинг ёзма аризасига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради. Гувоҳномалар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда берилади.

Савол: Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш тартиби қандай?

Н.Пердебаев,  Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 59-моддасига асосан, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома меросни қабул қилиб олган меросхўрларга қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.

Меросга бўлган гувоҳнома барча меросхўрларга биргаликда ёки уларнинг ҳохишига боғлиқ равишда ҳар бирига алоҳида берилиши мумкин.

Нотариуслар вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз меросхўрларнинг мулкий манфаатларини муҳофаза қилиш учун уларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилганлиги ҳақида меросхўрлар яшаётган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларига хабар қилади.

Мол-мулк ворислик ҳуқуқи бўйича давлатга ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтган тақдирда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома тегишли давлат органига берилади.

Савол: Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш шартлари қандай?

Б.Сугирбаева,  Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 61-моддасига асосан, нотариус васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш чоғида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, васиятноманинг бор-йўқлигини, мерос очилган вақт ва жойни, мерос мол-мулкининг таркиби ва жойинин текширади.

Нотариус меросдан шак-шубхасиз улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини ҳам аниқлайди.

Савол: Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш қай тарзда амалга оширилади?

Б.Сугирбаева,  Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 62-моддасига асосан, нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.

Уй-жойга (уй-жойнинг бир қисмига), квартирага, дала ҳовлига, боғ ҳовлига, гаражга, шунингдек бошка бинолар, иншоотлар ва иморатларга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома шу мол-мулклар жойлашган ердаги нотариус томонидан берилади.

Саволларга Нукус шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси Г.Сейтанова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш