Ҳозирги кунда нафақадаман. Нафақа пулларимни қизим олиб туриши учун беш йил муддатга ишончнома беришим мумкинми?

А.Қадиров, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 139-моддасига асосан, ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Савол: Ўғлим 16 ёшга тўлиб фуқаролик паспортини олди. Унинг номига енгил автотранспорт воситасини расмийлаштиришим мумкинми?

А.Юлдашев, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг бешинчи бўлим 2-бандига асосан, 18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос қилиб олинган автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

Савол: Никоҳимиз давомида орттирилган эримнинг номига расмийлаштирилган дала ҳовлимиз бор. Ушбу дала ҳовлига умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномани ўзим хоҳлаган нотариал идора оркали олишим мумкинми?

А.Султанов, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Нотариат туғрисидаги конуннинг 62-моддасига асосан, нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради. Уй-жойга (уй-жойнинг бир қисмига), квартирага, дала ҳовлига, боғ ҳовлига, гаражга, шунингдек бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома шу мол-мулклар жойлашган ердаги нотариус томонидан берилади

Савол: Автотранспорт воситасини бошқариш учун учта ўғлимга ишончнома бермоқчи эдим. Менга ишончноманинг гербли нусхаси бир ёки уч нусхада бериладими?

У.Бегимов, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги 64-мҳ-сон буйруғига билан тасдиқланган Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Йўриқноманинг 191-бандига асосан, ишончнома биттадан ортиқ ишончли шахсга берилган тақдирда, у ишончли шахслар сони бўйича гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади. Қолган нусхаларда гербли (махсус) бланканинг серияси, тартиб рақами ва ҳудудий коди кўрсатилади.

Саволларга Элликқалъа тумани 1-сон ДНИ нотариуси М. Елмуратов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш