Менинг исмим Амат, боламнинг туғилиш гувоҳномасига ота исмини “Ахмад ўғли” деб ёзиб бериш мумкинми?

А.Алламбергенов, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари”нинг 23-бандига асосан агар боланинг отасининг исми имло ҳатолар билан ёзилган бўлса, у ҳолда ота исми тўғри ёзиб берилиши мумкин. Ота тўғрисидаги маълумотлар отанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ўзгаришсиз ёзилади.

Савол: Никоҳдан ўтмоқчимиз, никоҳимизни шахсимизни тасдиқловчи ҳужжат ўрнига ИИБ томонидан берилган маълумотнома асосида қайд қилдира оламизми?

А.Ертакаев, Элликқалъа тумани

Жавоб: Йўқ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби ҳақидаги Йўриқноманинг 85-бандига асосан ИИБ томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат ўрнига вақтинча берилган маълумотномалар билан никоҳ тузилганлигини қайд этишга йўл қўйилмайди.

Савол: Жиянимнинг исмини ота-онасининг менга берган ишончномаси орқали ўзгартира оламанми?

У.Акиев, Элликқалъа тумани

Жавоб: Йўқ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби ҳақидаги Йўриқноманинг 125-бандига кўра далолатнома ёзувига ўзгартириш киритишни ишончнома орқали амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Савол: Мерос масаласи учун вафот этган акамнинг туғилиш гувоҳномасини такроран бера оласизми?

И.Алламбергенов, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби ҳақидаги Йўриқноманинг 169-бандига мувофиқ зарур ҳоллардагина акангизнинг туғилишидан кўчирма ёки туғилганлик тўғрисидаги маълумотномани олишингиз мумкин, аммо такрорий гувоҳнома берилмайди.

Саво: Никоҳ шарномаси қай тарзда тузилади?

С.Дурдиева, Элликқалъа тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 30-моддасига асосан никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Шартнома икки томонлама келишувга асосланади ҳамда нотариал тасдиқланади. Қонуний никоҳ рўйхатга олинган кундан бошлаб шартнома ўз кучига киради.

Саволларга Элликқалъа тумани ФҲДЁ бўлими  2-тоифали инспектори А.Сабаева жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш